Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича парламент комиссияси йиғилиши тафсилотлари
2022 йил 12 август куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларига риоя этилиши бўйича парламент комиссиясининг навбатдаги кенгайтирилган йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Парламент комиссиясининг аъзолари Омбудсман ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари томонидан 2022 йилнинг биринчи ярим йиллиги давомида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилган мониторинг ташрифлари юзасидан Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ахборотини эшитишди.

Омбудсман Ф.Эшматованинг сўзларига кўра, 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида Омбудсман ва Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 156 маротаба (2021 йилнинг 1-ярим йиллигида 71 маротаба, 2020 йилнинг биринчи ярим йиллигида 41 маротаба) мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Ушбу кўрсаткич 2021 йилнинг ушбу даврига нисбатан 85 тага, 2020 йилнинг ушбу даврига нисбатан эса 115 тага кўп.

Йиғилишда мониторинг ташрифларининг салмоғи ортишига сабаб сифатида Давлат раҳбарининг тегишли Фармони билан 2022 йилдан Омбудсманнинг жойларда доимий асосда ишловчи минтақавий вакиллари лавозимлари жорий қилинганлиги қайд этилди.

Таҳлилларга кўра, ўтган йиллар давомида минтақавий вакиллар жамоатчилик асосида фаолият юритганлиги боис, улар томонидан амалга оширилган мониторинг ташрифларининг салмоғи кам бўлган. Масалан, 2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида минтақавий вакиллар томонидан 27 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилган. 2022 йилнинг ярим йиллигида эса мазкур кўрсаткич 103 тани ташкил этган.

Жами мониторинг ташрифлар давомида 4 мингга яқин (2021 йилнинг биринчи ярим йиллигида 2 500 яқин) маҳкумлар билан жамоавий ҳамда 1204 нафар (667 нафар) маҳкумлар билан якка тартибда суҳбатлар ўтказилган.

Мониторинг ташрифлари давомида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойлардаги шарт-шароитлар, яъни бу жойларда сақланаётган шахсларнинг яшаш ва овқатланиш, меҳнат қилиш ҳамда тиббий ёрдам олиш ҳолати ва сифати, улар учун ташкил этилаётган маънавий-маърифий ишлар ҳамда санитария-гигиена талабларига риоя этилаётганлиги ва бошқа шу каби ҳолатлар ўрганилди.

Йиғилишда мониторинг ташрифларида аниқланган камчиликлар ва ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахслар ҳамда уларнинг яқин қариндошлари ва ҳимоячиларидан (адвокатларидан) келиб тушган мурожаатлар мазмуни ва таҳлили ҳақида ҳам маълумот берилди.

Шунингдек, Омбудсман комиссия аъзоларига пенитенциар муассасалар фаолиятини тубдан такомиллаштириш, у ерда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш ҳамда руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилишининг олдини олиш бўйича таклифларини ҳам билдирди.

Шу куннинг ўзида комиссия аъзолари томонидан Бола ҳуқуқлари бўйича вакилининг 2022 йил 6 ойлик фаолияти тўғрисидаги ахбороти ҳам эшитилди.

А.Юнусованинг ахборотига кўра, 2022 йил олти ойи мобайнида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси жисмоний ва юридик шахслари, болалар ҳамда улар қонуний вакиллари томонидан жами 325 та мурожаатлар қабул қилинди. Шундан, шахсий қабулда 125 та, почта ва Омбудсманнинг Виртуал қабулхонаси орқали 146 та, “Ишонч телефони” орқали 54 та мурожаатлар қабул қилинди. Мурожаатлар Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан тўлиқ назоратга олинган. 48 та мурожаатлар идора ва ташкилотлар томонидан қаноатлантирилган. 189 та мурожаатлар юзасидан ҳуқуқий тушунтириш берилган. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан бола ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш юзасидан маълумотлар олишни сўраб 38 та хат давлат ташкилотларига юборилди. Тошкент шаҳри, Тошкент, Самарқанд, Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидан мурожаатлар кўп қелмоқда.

Жумладан, алимент олиш ҳуқуқига доир 29 та мурожаатлар ўрганиш давомида бир қатор мутасадди ташкилотлар билан ҳамкорликда тизимли ишлар олиб борилди. 2022 йил 6 ойи давомида Бош прокуратура томонидан 71 нафар тарбияланувчиларга ота-оналаридан 389,3 млн. сўм алиментлари ундириб берилди.

Туғилганлиги қайд қилинмаётган ҳолат бўйича келиб тушган мурожаатлар юзасидан тегишли вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда ишлар олиб борилди. Республика бўйича туғилганлиги қайд қилинмаганлар рўйхати шакллантирилди. Бугунги кунда ўз вақтида туғилганлик гувоҳномасини олмаган 215 нафар болаларга тегишли гувоҳномалар олиб берилди.

Тадбирда кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 

Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати