Аслида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати томонидан эълон қилинган хабарда «Қорақалпоғистондаги воқеа ва ҳолатлар бўйича олиб борилаётган тергов ҳаракатлари ҳақида адвокатларнинг фикрлари ўрганилди. Хусусан, тергов ҳибсхонасида ҳимояси остидаги шахслар билан учрашиш бўйича тўсқинлик қилиш, ушлаб турилган шахсларга яқин қариндошлари томонидан йўқловлар киритиш ҳолатлари, тергов ҳаракатлари давомида қийноққа йўл қўйиш ҳолатлари бўйича ҳимоя остидагилар хусусида маълумот олинди», — дейилган. Яъни адвокатлардан “Намойиш вақтида ушланган фуқароларни қийноққа солиш ҳолатлари кузатилдими?” деган саволга жавоб олинган. Чунки, ижтимоий тармоқларда шу мазмунидаги асосланмаган хабарлар тарқалган эди.
Аввал хабар берганимиздек, Комиссиянинг ўрганиш жараёнида аниқлаган фактлари фақатгина Комиссиянинг якуний хулосасида акс этади. Унгача ошкор этилмайди.
Шунинг учун Омбудсман ахборот хизмати томонидан эълон қилинган хабарларда Комиссиянинг қайси объектларда ўрганишлар олиб бораётгани, нималарга эътибор бераётгани, аҳоли кайфиятини ўрганиш бўйича тадбирлари тезкор равишда ёритилмоқда. Лекин, олинган маълумотлар ошкор этилмаяпти. Чунки улар қайта текширилади, келтирилган рақамларнинг асослантирилгани ўрганилади.
Эслатиб ўтамиз, ёлғон ва нохолис ахборот тарқатиш аҳоли ва фуқаролар ўртасида ишончсизлик ва умидсизлик кайфиятини юзага келишига сабаб бўлишим мумкин.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати