Комиссия аъзолари Қорақалпоғистондаги воқеалар юзасидан қўзғатилган жиноят ишига жалб қилинган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилаётган адвокатлар билан навбатма-навбат учрашиб, ҳар бир ҳолатни синчиклаб ўрганишмоқда.
Мазкур учрашувда энг аввало, жиноят ишига жалб қилинган шахслар билан учрашиш бўйича қаршиликлар бор йўқлиги сўралди.
Шунингдек, Адвокатнинг ҳимоясида бўлган шахснинг ҳозирги ҳолати ва у томонидан бирор бир масалада шикоят ва эътирозлар билдирилдими деган саволларга жавоб олинди.
Адвокатлар томонидан мижозининг жиноят ишига боғлиқ ҳолатлар, тергов жараёнларининг бориши ва бошқа ҳолатлар бўйича ахборотлар баён этилди.
Айтиш лозимки, Комиссия штабига мурожаат қилиш истагида келган фуқаролар сони ҳам ошиб бормоқда.
Адвокатлар билан учрашувдан сўнг, дарҳол фуқаролар мурожаатлари қабул қилинди. Баъзи мурожаатчилар бундан олдин Комиссияга тақдим қилган мурожаатлари бўйича тегишли ташкилотлардан жавоб хатлари олишганини билдиришди. Фуқаролар мурожаатлари тегишли тартибда ўрганилиб, назоратга олинаётганини ижобий баҳолашмоқда.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати