Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Қорақалпоғистонда юз берган ҳолатлар ва воқеаларни ўрганиш бўйича маҳаллаларда аноним сўров ўтказилмоқда
2022 йилнинг 24 август куни Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолатлар ва воқеаларни ўрганиш бўйича комиссия аъзолари куннинг биринчи ярмида Штабга келган фуқаролар билан учрашиб, улар мурожаатларини қабул қилишди.

Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган воқеаларда иштирок этганликда гумон қилиниб, олиб кетилган шахсларнинг оила аъзолари билан суҳбат давомида уларнинг фарзандлари қаерда сақланаётгани ҳақида маълумотга эгалиги, телефон орқали суҳбатлашгани ва адвокат билан таъминлангани маълум бўлди.

Баъзи мурожаатчилар фарзандининг намойишга аралашиб қолгани учун афсусда эканлигини билдириб, унга енгиллик беришлари бўйича Комиссия аъзоларидан ёрдам сўрашди. Фуқароларга Комиссиянинг тергов ва суд жараёнларига аралашмаслиги, қолаверса, қонунчилигимизда тергов қилишга ёки суд ишларини ҳал этишга аралашиш учун ҳуқуқий таъсир чоралари белгилангани тушунтирилди.

Куннинг иккинчи ярмида Комиссия аъзолари бир нечта маҳаллаларга ташриф буюриб, фуқаролар билан учрашишди. Очиқ мулоқотда Мустақил Комиссия фаолияти ҳақида қисқача маълумот берилиб, бўлиб ўтган воқеалар бўйича уларнинг фикрлари ўрганилди.

Аввал хабар берганимиздек, ўрганиш жараёнида янада объективликка эришиш мақсадида фуқаролар ўртасида аноним сўров ўтказилаётган эди. Маҳалла фаоллари билан учрашувда улардан аноним сўровлар ҳам олинди.

Ҳозирда аноним сўровнома ўтказишда ҳудудлар қамровини кенгайтириш, имкон қадар кўплаб фуқаролар фикрларини ўрганиш бўйича ишлар давом эттирилмоқда.

Мазкур сўровнома натижалари билан Комиссиянинг якуний хулосасида танишишингиз мумкин.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати