Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Комиссия аъзолари Жўқорғи Кенгеси билан биргаликда Бош прокуратурадан баъзи фуқароларнинг қамоқ эҳтиёт чорасини енгилроғига алмаштиришни сўради
Аввал хабар берганимиздек, Қорақалпоғистонда бўлиб ўтган воқеаларни мустақил равишда ўрганаётган Комиссия томонидан содир этган қилмишларидан пушаймон бўлган, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари бор, шунингдек оилавий шароити ва ижтимоий ҳолати оғир ҳамда оилада ёлғиз боқувчи бўлган фуқаролар рўйхати шакллантирилган эди.

Яккама-якка шаклда ўтказилган суҳбат давомида улар вазиятни яхши англамаган ҳолда ёлғон ахборотлар таъсирига тушиб қолишганини ва содир этган қилмишига чин кўнгилдан пушаймон эканликларини билдиришди. Айниқса, аёллар фарзандларини жуда соғинишганини ва бўлиб ўтган воқеалардан тўғри хулоса чиқаришганини маълум қилишган эди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Комиссия аъзолари томонидан шакллантирилган рўйхатдаги шахсларга маҳаллий туман кенгашлари депутатларини жамоатчилик кафиллиги асосида бириктириш таклифини қўллаб-қувватлади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Комиссия ва Жўқорғи Кенгеси томонидан содир этган қилмишларидан пушаймон бўлган, қарамоғида вояга етмаган фарзандлари бор, шунингдек оилавий шароити ва ижтимоий ҳолати оғир ҳамда оилада ёлғиз боқувчи бўлган фуқароларга инсонпарварлик тамойили асосида қамоқ эҳтиёт чорасини жамоатчилик назорати ва уй қамоғи тарзидаги эҳтиёт чорасига алмаштирилишини сўраб Бош прокуратурага таклиф киритилди.

Эслатиб ўтамиз, Комиссия тегишли Низомга мувофиқ,  Қорақалпоғистонда рўй берган воқеаларни ўрганишда мустақил ва давлат идоралари томонидан унинг фаолиятига аралашувига йўл қўймаган ҳолда аҳоли ва жамоатчилик фикрини ўрганишга зарур деб билган ҳар қандай ҳолат ва маълумотларни олиш  ҳуқуқига эга.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати