Шу каби учрашувлардан бири 2022 йил 7 сентябрь куни Ўзбекистон Республикасининг Польша Республикасидаги элчихонасида бўлиб ўтди. Унда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова ҳам иштирок этди.
Омбудсман Феруза Эшматова ўз нутқида Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталар экан, бу борадаги ишлар Янги Ўзбекистоннинг 2022-2026 йилларга мўлжалланган “Тараққиёт стратегияси” доирасида мантиқий давом этишига тўхталиб ўтди.
Шунингдек, ватандошларимиз Омбудсман институтининг мурожаатлар билан ишлаш, қийноқларга қарши курашиш бўйича фаолияти билан таништирилди.
Шу билан бирга Омбудсман ҳозирда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш, бошқа давлатлардаги Омбудсманлар билан меморандумлар имзолаш орқали ўзга юртларда яшаётган фуқароларимиз мурожаатларини биргаликда кўриб чиқиш чоралари кўраётганини қайд этилди.
Омбудсман юртдошларимиз билан ўтказилган учрашувда асосий эътиборини уларнинг яшаш шароитлари, мусофирчиликда дуч келаётган муаммоларини ўрганишга қаратди ва ватандошларимизнинг фикрларини диққат билан эшитди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати