Жорий йилнинг 6-7 сентябрь кунлари Омбудсман минтақавий вакили Ш.Джўраев, Навоий вилоят прокуратураси ходимлари иштирокида Навоий вилоятидаги 5 ва 11-сонли жазони ижро этиш колонияларига ўтказган мониторинг ташрифида тиббий кўрик натижалари бўйича маҳкумларни даволаш чоралари белгиланди.
Мониторинг ташрифи доирасида, уларнинг 11 нафари Тошкент шаҳридаги ихтисослашган касалхонага юборилиши белгиланди. Қолган 19 нафар маҳкум эса колониянинг ўзида даволанишни бошлади.
Шунингдек, Навоий вилояти ҳокимияти ва “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан 3 нафар кўзи ожиз маҳкум Навоий кўз касалликлари шифохонасига кўз жарроҳлик амалиётини ўтказиш учун юборилди. Ҳозирда уларнинг кўриш қобилиятлари қайта тикланган.
Мониторинг ташрифи давомида, жазо муддатини ўтаётган шахсларга яратилган шарт-шароитлар, жумладан маҳкумларнинг ётоқ жойлари, ошхоналар, ювиниш жойлари, кутубхоналар, тиббий бўлимлари, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари ўрганилиб, улар билан жамоавий ва холи тартибда суҳбатлар ўтказилган.
Аниқланишича, яшаш саҳни ва ишлаб чиқариш корхонаси ҳудудида, маҳкумлар учун умумий ҳожатхона, ювиниш жойлари ҳамда кийим алмаштириш хоналари жорий йилда тўлиқ таъмирланиб, зарурий жиҳозлар билан таъминланган.
Шунингдек, маҳкумларнинг меҳнат шароитлари ўрганилганда, уларнинг фойдали меҳнатга жалб этилгани ҳамда махсус кийим бош ва ҳимоя воситалари билан таъминланганлиги маълум бўлди. Ойлик иш ҳақларини бўйича сўралганда, маошлар ўз вақтида берилаётгани таъкидланди.
Шундан сўнг, Омбудсманнинг минтақавий вакили томонидан сайёр қабул ташкил этилди. Унда 12 нафар маҳкумнинг мурожаати тингланиб, шулардан 9 таси ижрога қаратилди.
Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати