Ўзаро мулоқот давомида Омбудсман институти фаолиятининг асосий йўналишлари, ҳуқуқ ва суд-ҳуқуқ тизимлари, шунингдек, қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти муҳокама қилинди.
Жорж Вашингтон номидаги университет профессорларининг таъкидлашича, уларнинг ташрифидан кўзланган асосий мақсад ахборот ва тажриба алмашиш, фуқаролар аризаларини таснифлаш амалиётини ўрганишдан иборат.
Учрашув жараёнида Омбудсман Котибияти ходимлари сўнгги йилларда мамлакатимизда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили институти фаолиятини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ислоҳотлар, Омбудсман томонидан фуқаролар мурожаатларини кўриб чиқиш, таҳлил қилиш, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича берилган таклифлари ҳамда Миллий превентив механизми доирасида жазони ижро этиш муассасаларига амалга оширилган мониторинг ташрифлари ҳамда уларда фуқаролик жамияти вакилларининг иштироки ҳақида профессорларга маълумотлар берилди.
Шунингдек, сўнгги йилларда Омбудсман ваколатлари кенгайтирилаётгани ва унинг минтақавий вакиллари фаолиятига алоҳида эътибор қаратилиб, бу фуқаролар мурожаатларини тезкорлик билан жойига чиқиб ўрганиш ва тегишли чоралар кўрилишига хизмат қилаётганлиги таъкидланди.
Учрашув илиқ ва дўстона руҳда бўлиб ўтди.
Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати