Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2022 йилнинг 8 ойи давомида мурожаатлар билан ишлаш бўйича фаолият натижаларига бағишланган брифинг
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда унинг минтақавий вакиллари томонидан жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатларни Қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқилиши таъминланмоқда.

2022 йилнинг 8-ойи давомида Вакил номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 9 166 та мурожаат келиб тушган. Бу кўрсаткич 2021 йилнинг 8 ойида жами 8 742 тани ташкил этган.

Жорий йилнинг 8 ойи давомида юборилган жами мурожаатларнинг 862 таси шахсий қабулда, 41 таси сайёр қабулларда, 3 314 таси почта ва телеграф алоқаси орқали, 63 таси “Ишонч телефони” орқали, 504 таси Омбудсманнинг info_ombudsman.uzb@umail.uz электрон почта манзили орқали, 175 таси Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси орқали ва 3 712 таси www.pm.gov.uz интернет портали орқали қабул қилинган.

Жами мурожаатларнинг 5,4% яъни 495  таси Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакилларига юборилган.

Такрорий келган мурожаатлар 2 448 тани ташкил этди, мурожаатларнинг 70 таси белгиланган тартибда аноним деб топилди.

Мурожаатларнинг 14,2% фуқароларнинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига оид, 33% ижтимоий ҳуқуқларига оид, 25,8% иқтисодий ҳуқуқларига оид, 15% сиёсий ҳуқуқларига оид ва 1% экологик ҳуқуқларга тегишлидир.

Мурожаатларнинг 53 таси яъни 0.6% хориждан келиб тушган бўлиб, шулардан 16 таси хорижий давлатларнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсманларидан келиб тушган.  

Юқорида тасниф этилганлардан ташқари, фуқароларнинг давлат ижро ҳокимияти, давлат бошқаруви органлари ходимларининг мурожаатчиларга нисбатан муомала маданиятига амал қилинмаганлиги юзасидан 822 (10.4%) мурожаатлар келиб тушган.

Омбудсманнинг ўзига юборилган 8 671 та мурожаатдан 2 532 таси парламент назорати субъекти сифатида назоратга олинган. 979 та мурожаат бўйича мурожаатчига батафсил ҳуқуқий маслаҳат ва тавсиялар берилган. Қолган 5 160 та мурожаатлар тегишлилиги бўйича ваколатли ташкилотларга мазмунан кўриб чиқиш учун юборилган. 70 таси эса белгиланган тартибда аноним деб топилган.

Жами келиб тушган мурожаатларнинг 1 753 таси яъни 26%,  назоратга олинган мурожаатларнинг эса 88,4 % ижобий ҳал этилган.

Мурожаатлар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганидан, энг кўп мурожаатлар Қашқадарё вилоятидан (1 650 та), Тошкент шаҳридан (1 510 та), Сурхондарё вилоятидан (1184 та), Тошкент вилоятидан (696 та), Самарқанд вилоятидан (668 та) бўлган. Энг кам мурожаатлар Сирдарё вилоятидан (216 та) ва Қорақалпоғистон Республикасидан (212 та) келиб тушган.  

Омбудсман томонидан 2022 йил 8 ой давомида фуқароларнинг манфаатларида ташкилотларга 52 та таъсир чоралари  қўлланилди. Бу кўрсаткич 2021 йил 8-ойлигида 38 тани ташкил этган. Бу йилги 52 та таъсир чоралари сифатида давлат органлари ва ташкилотларига 9 та тақдимнома ва 27 та Вакил хулосаси ҳамда судларга 26 та даъво ариза ва аризалари киритилди. Омбудсман Котибияти ходимлари томонидан суд мажлисларида 32 маротаба кузатувчи сифатида иштирок этилди. Шулардан жиноят ишлари бўйича суд мажлисларида 8 маротаба ва фуқаролик ишлари бўйича суд мажлисларида 24 маротаба иштирок этилди. .

Фуқароларнинг манфаатлари ва мажбуриятлардан, жумладан,  қарздорлиги,  соғлиғига етказилган зарарлар, моддий ва маънавий зарарлар ва бошқа мажбурий тўловлар оқибатида юзага келган ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ мурожаатлар ўрганилиши натижасида жами 143 млн сўмдан ортиқ маблағлар фуқаролар фойдасига ундирилган.

Бундан ташқари 31 млн сўмдан ортиқ алимент тўловлари ундирилиши таъминланган.

Фуқароларнинг иш ҳақи ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ тўловлар бўйича ундирилган жами сумма – 163 млн 450 минг сўмни ташкил этади. Шунингдек, 4 нафар фуқаро ишга тикланган, 2 нафар фуқаро иш билан таъминланган.

Омбудсманнинг фуқаролар манфаатларида йўллаган сўровига асосан ташкилотлар томонидан судларга 7 та даъво аризалар киритилди.

Фуқароларнинг мурожаатларини ўрганилиши ва тегишли ташкилотларга юборилган мурожаатларга мувофиқ фуқароларга жами – 15 млн сўмга яқин моддий ёрдам, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун субсидия ва бошқа турдаги молиявий қўллаб-қувватлаш учун молиявий ёрдам ажратилди. Шунингдек, 5 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га, 2 нафар фуқаро “Темир дафтар”га киритилди. 1 нафар фуқарога уй-жой ажратилиши таъминланди.

Фуқароларнинг давлат органлари ва ташкилотлар мансабдор шахслари хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган мурожаатларини ўрганиш натижасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 3 нафар масъул ходимлари ўз вазифасини лозим даражада бажармаганлиги учун интизомий жавобгарликка тортилган, 1 нафарига қаттиқ огоҳлантириш берилган. 

Омбудсман сўровига асосан, ваколатли давлат органлари томонидан масъул мансабдор шахсларнинг ҳаракатларида қонунбузилиш ҳолатлари мавжудлиги аниқланиб, 1 нафар мансабдор шахс эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, 3 нафар масъулга “хайфсан” интизомий жазоси қўлланилган, 4 нафар масъулга ўртача ойлик иш ҳақининг 30% миқдорида “жарима” интизомий жазоси қўлланилган, 2 нафар масъул ишига совуққонлик билан ёндашгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган.

 

Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати