2022 йилнинг 17 октябрь куни давлат бошқаруви органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасидаги навбатдаги очиқ мулоқот бўлиб ўтди. “Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг таъминланишида давлат бошқаруви органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлиги: муаммолар ва уларнинг ечимлари” мавзусига бағишланган мазкур давра суҳбати “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати мажлислар залида ўтказилди.
Тадбирда Олий суд, Адлия, Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирликлари, Бош прокуратура вакиллари ҳамда 10 дан ортиқ фуқаролик жамияти институтлари фаоллари, жумладан Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти, Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий-ахборот маркази, “Ҳуқуқий таянч” жамоат бирлашмаси, «Мадад» нодавлат нотижорат ташкилоти, Ўзбекистон ногиронлар ассоциацияси, “Инклюзив таълим” ННТлари вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.
Мазкур давра суҳбатини ташкил этишнинг мақсади – давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида умумий мулоқот платформасини ўрнатиш орқали аҳолини ўйлантираётган масалалар юзасидан муҳокамаларни ўтказиш ва бу орқали бир қатор муаммоларга ечим топишдир.
Давра суҳбатида таъкидланишича, Олий Мажлис Сенати ва Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институтининг давлат бошқаруви органлари ва фуқаролик жамияти вакиллари ўртасида очиқ мулоқот ташкил этиш ташаббуси учинчи сектор вакилларининг ўз фаолиятлари давомида дуч келган, аҳолини ўйлантираётган масалаларни ваколатли давлат органлари вакиллари билан бевосита муҳокама қилиш имкониятини яратди.
Қайд этиш лозимки, бу каби мулоқотлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш бўйича мавжуд камчиликларни давлат органларининг ваколатли вакилларига етказиш ва у орқали тегишли соҳаларнинг ислоҳ қилинишига хизмат қилади.
Тадбир давомида аввалги мулоқотларда кўтарилган масалалар, жумладан давлат органлари ва ННТлари ўртасида “ижтимоий буюртма” асосида ҳамкорликнинг оқсаётганлиги, жазони ижро этиш муассасаларида юридик ёрдам кўрсатишни йўлга қўйиш, ижтимоий шерикликни ривожлантириш, олий таълим тизимида инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига бағишланган фанларни жорий этиш, ННТларнинг рўйхатдан ўтишидаги қийинчиликлар борасида амалга оширилган ишлар муҳокамалар марказида бўлди.
Давра суҳбати якунида тадбир иштирокчилари томонидан инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини янада таъминлаш орқали уларнинг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини ошириш, жамоатчилик назоратини янада кучайтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати