Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман томонидан “Мурувват” уйларида яшайдиган 9 нафар фуқаро манфаатида судга даъво аризалари киритилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ходимлари ва унинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари томонидан доимий равишда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга мониторинг ташрифлари амалга оширилиши билан бир қаторда боқувчисини йўқотган ва ёлғиз кексалар, шунингдек, ногиронлиги бўлган шахслар сақланадиган “Муруват” уйларида сақланаётганлар шароитлари ҳам ўрганиб борилади.  

Жорий йилнинг август ойида Самарқанд вилояти, Ургут тумандаги эркаклар ва аёллар “Мурувват” уйларига Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили Диёр Ҳусанов ташриф буюриб, муассасадаги шароитларни ўрганган эди.

“Мурувват” уйидагилар бу ердаги яшаш шароити, шунингдек, овқатланиш, дори-дармонлар билан таъминланганлик ва уларга ходимлар томонидан бўлаётган муносабатлардан мамнунликларини билдиришган эди.

Бироқ, олиб борилган мониторинг ўрганишлар давомида муассасада яшовчи айрим беморларнинг шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари йўқлиги аниқланди. Худди шундай ҳолат аёллар “Мурувват” уйида ҳам кузатилди.

“Мурувват” уйи мутасаддиларининг мурожаатига асосан масаланинг моҳияти ўрганилди. Мутасаддиларнинг қайд этишича, бир қарашда арзимаган кўринган ҳужжат вақт ўтиб жиддий муаммоларга сабаб бўлиши мумкин. Ҳатто тўлиқ давлат қарамоғида бўлган бу кишиларга мурувват кўрсатишнинг иложи бўлмай қолиши мумкин. Муаммонинг ечимини суд орқали ҳал қилиш мумкин. Бироқ бу борада “Мурувват” уйи қилган мурожаат тегишли харажат талаб қилади. Табиийки, муассасада бундай ҳолатлар учун кўзда тутилган маблағ мавжуд эмас.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) томонидан “Мурувват” уйларидаги 9 нафар беморлар манфаатида судга даъво аризалар киритилди.

Ўз навбатида тегишли давлат идоралари билан ёзишмалар орқали 9 нафар руҳий хасталиги бор беморларнинг зарур ҳужжатлари тўпланиб, судга тақдим этилди.

2022 йилнинг 18 октябрь куни Омбудсманнинг даъво аризаси Фуқаролик ишлари бўйича Ургут тумани судининг сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди.

“Мурувват” уйларининг ўзида ўтказилган суд мажлиси якунида 6 нафар беморни туғилганлик фактини белгилаш ҳақидаги даъво аризалар қаноатлантирилди. 3 нафар шахснинг ҳужжатлари топилди.

Суд қарори асосида қайд қилинган кишиларга шахсини тасдиқловчи ҳужжат - фуқаролик паспортлари расмийлаштирилиб берилади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати