Таъкидландики, инсон қадрини улуғлаш – юртимизда яшаётган ҳар бир инсоннинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш демакдир. Шу сабабли Омбудсман томонидан мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида халқимизга яратилаётган қулайликлар ва имтиёзлар ҳақида ҳуқуқий хабардорликни оширишга қаратилган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси амалга оширилмоқда.
Йиғилишда сўзга чиққан Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси бошлиғи Миршакар Тўрабоев Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Кўп квартирали уй-жойларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарорига асосан 2022-2025 йилларда уй-жой фондини яхшилаш, мукаммал ва жорий таъмирлаш ишларини бажариш ҳамда туташ ҳудудларни ободонлаштириш бўйича дастур ишлаб чиқилганига алоҳида тўхталди. Унинг сўзларига кўра, мазкур дастурга асосан вилоятдаги жами 499 та уй-жойларни таъмирлаш ҳамда туташ ҳудудларни ободонлаштириш учун 79,0 млрд.сўм маблағ йўналтириш режалаштирилган.
Маърузачи жорий йилда амалга оширилган ишлар ҳақида маълумот бериш билан бир қаторда, аҳолига яратилган қулайликларга ҳам тўхталиб ўтди. Жумладан, Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан “Mening uyim” биллинг дастури ишлаб чиқилгани ва у орқали тўловларни электрон тарзда амалга ошириш мумкинлиги ва унинг усуллари ҳақида маълумот берилди. Ушбу тизим фуқаролар томонидан амалга оширилган тўловлар ҳақидаги маълумотларни шаффоф ҳолда юритилишига хизмат қилиниши таъкидланди.
“Омбудсман мактаби” тадбирида Бухоро вилоят Транспорт департаменти бошлиғи Фахриддин Ражабов ҳам иштирок этиб, соҳада амалга оширилган ишларга тўхталди.
Аҳоли билан очиқ мулоқот шаклида ўтган тадбирда фуқаролар томонидан жамоат транспорти йўналишларидаги транспорт воситалари ҳаракатини белгиланган жадваллар асосида йўлга қўйиш ҳамда транспорт қатновини яхшилаш бўйича таклифлар берилди.
Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили А.Хусейнова минтақавий вакил фаолиятини амалга оширишда давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда ўзини ўзи бошқариш органлари ҳамкорлиги масалаларида бир қатор таклифларни билдирди.
Тадбирда сўзга чиққан маҳалла фаоллари маҳаллада самарали иш олиб бориш фаолиятнинг бош мезонига айланишини, маҳаллада тинчлик ва барқарорликка эришиш бебаҳо бойлик эканлигини, маҳаллани обод қилиш ҳар бир фуқаронинг вазифаси эканлигини таъкидладилар.
Тадбирда “Темирйўлчилар” маҳалла фуқаролар йиғини раиси инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашда аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган тадбирларнинг муҳим эканлигига эътибор қаратиб, аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширишда Омбудсман институти минтақавий вакили билан ҳамкорликда ишлашга тайёр эканлигини билдирди.
Ўзаро савол жавоб ва эркин мулоқот руҳида ўтган тадбирда келгусида “Омбудсман мактаби” доирасида бўлиб ўтадиган учрашувларда маҳаллаларда юзага келиши мумкин бўлган муаммоли масалаларнинг ечимини топиш бўйича мулоқотларни давом эттириш ҳамда биргаликда хал этишга келишиб олинди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати