Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
“Ички ишлар ходимлари калтаклаганми ёки “мотоциклдан йиқилган”ми” номли хабарга Омбудсман расмий муносабат билдирди
Жорий йилнинг 23 октябрь куни Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари «Ҳуқуқий таянч» жамоат бирлашмаси Матбуот гуруҳининг facebook ижтимоий тармоғидаги саҳифасида “Ички ишлар ходимлари калтаклаганми ёки “мотоциклдан йиқилган”ми” сарлавҳали хабар кенг тарқалди. Унда маҳбус А.Э.га нисбатан ички ишлар ходимлари томонидан қийноқлар қўлланилгани оқибатида гумонланувчининг учта қовурғаси сингани ва тана қисмида жароҳат излари мавжудлиги айтилган.

Ушбу хабарга аниқлик киритиш мақсадида, Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили Диёр Ҳусанов 23 отябрь кунининг ўзида Самарқанд вилоятидаги 7-сон Тергов ҳибсхонасига бориб, маҳбус А.Э. билан ҳоли тарзда учрашди.

Суҳбат давомида маҳбус А.Э. хабарда кўрсатилган ҳолатларни тасдиқлаб, унга нисбатан тан жароҳати етказилганлигини маълум қилди ва ҳолат ўрганилиб, тегишли ходимларга нисбатан қонуний чора кўрилишида амалий ёрдам сўраб Омбудсман номига мурожаат қилди.

Ўрганиш давомида маҳбуснинг тиббий ҳолатига оид маълумотлар ҳам олинди.

Маҳбус А.Э.нинг мурожаати ва юқорида қайд этилган хабарлар юзасидан текширув ҳар томонлама, тўлиқ ва қонуний ўтказилишини бўйича Омбудсман номидан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасига мурожаат қилинди.

Эслатиб ўтамиз, “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорига мувофиқ, Омбудсман ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳларига қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда уларни тезкор бартараф этиш бўйича талабномаларни тегишли давлат органига тақдим қилиш ва қийноққа солиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқишда иштирок этиш каби вазифалар юклатилган.

Юқоридаги ҳолат юзасидан жамоатчиликка батафсил маълумот тақдим этилиши маълум қилинади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати