Омбудсман мактаби лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбирда Ғузор туман ҳокими, Ўзбекистон Республикаси Президенти Халқ қабулхонаси мудири, Муқаддам судланганларни ижтимоий ҳимоялаш вилоят кўникма маркази, вилоят Бандлик бошқармаси, Ғузор тумани Адлия бўлими, прокуратура, ички ишлар бўлими, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси бўлими, Бандлик бўлими вакиллари, халқ депутатлари Деҳқонобод туман кенгаши депутатлари, ҳоким ёрдамчилари, Маҳалла ва қишлоқ фуқаролар йиғини раислари ва маҳалла фаоллари ҳамда ОАВ иштирок этишди.
Мазкур тадбир 2022–2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси ва “Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили”да инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида фуқароларнинг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилгани билан аҳамиятлидир.
Очиқ мулоқотда “Омбудсман мактаби” лойиҳаси вилоят туманларининг ҳар бир маҳалласида ташкил этилиши, фуқароларни қизиқтирган масалалар юзасидан тушунтириш ишлари олиб борилиши, фуқароларни ўйлантираётган муаммолар ўрганилиши, таҳлил қилиниши ҳамда уларнинг ечими ҳақида маслаҳатлашилиши қайд этилди.
Аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган тадбирда вилоят Бандлик бошқармаси бошлиғи ўринбосари А.Қодиров Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 июлдаги “Аҳоли бандлигини таъминлаш борасидаги ишларни такомиллаштириш ва самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ҳамда 2020 йил 20 октябрдаги “Аҳоли бандлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг мазмун-моҳиятига тўхталиб, вилоятда аҳоли бандлигини таъминлашда амалга оширилаётган ишлар тўғрисида ахборот берди. Бунда қишлоқ жойларда доимий иш ўринлари ташкил этишда асосий ҳисобланган тадбиркорлик субъектларига кредитлар ажратиш, ишсиз шахсларни, айниқса кам таъминланган оилаларда яшовчи хотин-қизларни касбга қайта ўқитиш ишлари амалга оширилаётганлиги, аҳолини иш билан таъминлашда “Ишга марҳамат” мономарказларининг олиб бораётган ишлари тўғрисида ҳам маълумот берилди.
Муқаддам судланганларни ижтимоий ҳимоялаш вилоят кўникма маркази раҳбари И.Саломов озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларга уларнинг дастлабки эҳтиёжлари ва ҳаётга мослашиши учун базавий ҳисоблашнинг олти баробари микдорида моддий ёрдам берилиши, иш билан таъминланиши, яшаши учун ётоқ масалалари билан шуғулланиши, йўқолган ҳужжатларни тиклаши, бепул тиббий кўрикдан ўтказиши ва даволаши, иш билан таминлашда кўмаклашиши, фуқароларга кредитлар олишда кўмаклашиш ва бошқа амалий ишлар тўғрисида тўхталиб ўтди. Бундан ташқари, у Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 29 июндаги “Озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаб бўлган фуқароларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлар тўғрисида”ги ПҚ–299-сонли Қарори мазмун-моҳияти тўғрисида тушунтириш берди.
“Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида ўтказилган тадбирда Қашқадарё вилояти Ғузор тумани “Батош", “Янги ҳаёт”, “Обод”, “Обиҳаёт” ва “Жонбулоқ” маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари сўзга чиқиб, маҳаллаларда амалга оширилаётган ишлар ва мавжуд муаммоларга тўхталишди.
“Янги ҳаёт” ва “Батош” маҳалла раислари очиқ мулоқотда фуқаролар кўплаб маълумотларга эга бўлишгани, саволлари ечим топганини ва мунозарали масалалар кўтарилганини қайд этиб, шу каби аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга қаратилган тадбирларни бошқа маҳаллаларда ҳам ўтказиш кераклигини билдиришди.
Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати