Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг Бухородаги минтақавий вакилига маҳкумлар нима масалада мурожаат қилишган эди?
Маълумки, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) худудлардаги минтақавий вакиллари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга мунтазам равишда мониторинг ташрифлари амалга оширилиб, у ерда сақланаётган шахсларга яратилган шароитлар мунтазам равишда ўрганиб келинади. Ташрифлар доирасида маҳкумлар билан жамоавий ва якка тартибдаги суҳбатлар ҳам ўтказилиб, уларнинг мурожаатлари қабул қилинади.

Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Абира Хусейнованинг 17-сонли жазони ижро этиш муассасасига қилган мониторингларидан бирида маҳкумлар ёғочга ва металлга ишлов бериш, бош кийими тикиш каби касб-ҳунарларни ўрганишни хоҳлашларини билдиришган эди. Ушбу таклиф ИИВ Жазони Ижро Этиш Департаменти Олтинчи минтақавий ҳудуд ва муассаса раҳбарларига етказилгач, Ҳунармандчилик уюшмаси вилоят бўлими билан ҳамкорликда мазкур жазони ижро этиш муассасасида ҳунармандчилик фаолиятининг 8 та йўналиш, жумладан ёғоч ўймакорлиги, муаллифлик мебеллари, металлдан ясалган буюмлар, миниатюра, ранг тасвир, наққошлик ва бўёқли нақшлар, мозаика, тош ўймакорлиги, бош кийим тайёрлаш, миллий пойафзал тайёрлаш бўйича 3 ойлик касб-ҳунар ўқув курслари Уста-шогирд асосида ташкил этилди.

Қайд этиш лозимки, маҳкумларни янги касб-ҳунарларга ўргатиш жазони ижро этиш муассасаларида жазо муддатини ўтаётган маҳкумларни ахлоқан қайта тарбиялаш, уларда содир этган жиноятига нисбатан пушаймонлик ҳиссини шакллантириш ва жамиятга қайтаришда муҳим аҳамиятга эга.

2022 йилнинг 26 октябрь куни 8 та йўналиш бўйича ўқув курсларини тамомлаган 49 нафар маҳкумларга сертификатлар топширилди. Тадбирда Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили, ИИВ Жазони Ижро Этиш Департаменти Олтинчи минтақавий ҳудуд 17-сон жазони ижро этиш колонияси раҳбари, Бухоро вилоят “Ҳунарманд” бошқармаси вакили ҳамда  иштирок этишди.

Йиғилганларга бугунги кунда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга касб-ҳунар ўрганишлари учун яратилаётган шароитлар, мазкур касб-ҳунар курсларини тугатиб, тегишли мутахассислик бўйича сертификатга эга бўлган шахсларга озодликка чиққанидан сўнг ўзларининг тадбиркорлик фаолиятини бошлашлари учун давлат томонидан кўрсатилаётган ижтимоий ёрдам тўғрисида батафсил маълумот берилди.

Шу куни Омбудсманнинг Бухородаги минтақавий вакили жазони ижро этиш муассасасида маҳкумларга яратилган шарт-шароитларни ҳам ўрганди.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати