Шунингдек, ушбу ҳолат бўйича Омбудсманга марҳумнинг яқин қариндошларидан қийноққа оид мурожаат келиб тушмаган. Шундай бўлса-да, мазкур ҳолат бўйича Интернет ижтимоий тармоқларида хабарлар берилгач, ишга тааллуқли ҳужжатлар ўрганилган.
Дарвоқе, жорий йилнинг май ойида Омбудсман бошчилигида Навоий вилоятидаги жазони ижро этиш муассасаларига, жумладан 4-сон колонияга мониторинг ташрифи амалга оширилган эди. Ушбу мониторингда иштирок этган "Эзгулик" Инсон ҳуқуқлари нодавлат нотижорат ташкилоти Интернетдаги турли ижтимоий тармоқларга Навоийдаги колониялардан қийноқ бўйича шикоятлар келиб тушмаганини ёзган.
Шу ўринда эътиборингизни баъзи жиҳатларга қаратамиз. Мазкур ҳолат 2022 йилнинг октябрь ойида содир бўлган бўлишига қарамай, QALAMPIR.UZ сайти журналисти Ҳулкар Муртазоева Омбудсманнинг бир йил аввалги, яъни 2021 йилнинг октябрь ойида журналистларга берган интервьюсидан иқтибос келтирган. Ваҳоланки, журналист Омбудсман матбуот котиби билан боғланиб, оғзаки равишда мурожаат қилганида, унга ўтган йилги маълумотлардан фойдаланмаслиги ва жорий йилда қийноқ ҳолатлари бўйича бир неча ҳолатлар текширилаётгани, журналист сўровига қонун талабларида белгиланган муддатда жавоб берилиши айтилган. Лекин, шунга қарамай, журналист эски маълумотлардан фойдаланишни афзал кўрди. Бу ҳақда сал кейинроқ тўхталамиз.
Эслатиб ўтамиз, Омбудсман расмий веб-сайтида шу йилнинг 26 октябрь куни Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари «Ҳуқуқий таянч» жамоат бирлашмаси томонидан эълон қилинган хабар жойига чиқиб ўрганилгани ва маҳбус қийноққа солингани бўйича Омбудсманга мурожаат қилгани бўйича расмий муносабат эълон қилинган. Бу хабар QALAMPIR.UZ сайтида ҳам берилган. Бу ҳолатда Самарқанд шаҳридаги ички ишлар ходимлари томонидан маҳбуснинг 10 кун олдин мотоциклидан йиқилгани ва бу жароҳатлар шунинг оқибати эканлиги айтилаётган бўлишига қарамай, Омбудсман ҳолатга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида Бош прокуратурага талабнома юборган. Ички ишлар вазирлиги ва маҳкумнинг фикрлари бир-бирига зид, ҳақиқат эса прокуратура ўрганишларидан кейин маълум бўлади.
Қайд этиш лозимки, Омбудсманнинг терговга қадар текшириш олиб бориш ваколати мавжуд эмас. Шунинг учун қийноқлар қўлланилганига оид мурожаатлар ва ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар жойига чиқиб ўрганилгач, қийноқ аломатлари мавжуд бўлган ҳолларда иш кўриб чиқиш учун прокуратура органларига юборилади. Омбудсман бунда маҳкум ва маҳбусларнинг кўрсатмалари ва ишга оид тўпланган дастлабки ва бирламчи ҳужжатларга асосланади.Ҳақиқатдан ҳам 2021 йилда Омбудсман назоратига олинган қийноқ ҳолатлари бўйича прокуратура органлари томонидан биронта қийноқ ҳолати тасдиқланмади.
Афсуски, мамлакатда амалга оширилаётган очиқлик сиёсатидан ўз манфаати йўлида фойдаланиб, асоссиз ва ёлғон ахборотларни тарқатиб, аҳоли орасида хавотир уйғотиб, “сохта обрў” олишга уринаётганлар ҳам учраб турибди.
Маълумот учун, Омбудсман бошчилигида пенитенциар муассасаларга 2022 йилнинг 9 ойлигида 297 та мониторинг амалга оширилган. Омбудсман ва унинг минтақавий вакиллари томонидан мониторинглар жазони ижро этиш муассасалари маъмуриятини огоҳлантиришсиз амалга оширилмоқда ва мавжуд ҳолатлар ўрганилади. Ўрганишларда маҳкум ва маҳбуслар билан ҳоли тарзда учрашиб, қийноқлар қўлланиляптими йўқми сўралади ва уларга яратилган шароитларнинг белгиланган талаблар даражасида эканлиги ҳолати ўрганилади.
2022 йилда Омбудсманга қийноқлар бўйича мурожаатлар келиб тушган, лекин, улар кўп ҳолларда тасдиқланмаяпти. Баъзи мурожаатлар эса 5-10 йиллар аввалги қийноқлар ҳақида. Мавжуд ҳолатни синчиклаб ўрганиш мақсадида 2022 йилдан маҳкумлар орасида республика бўйлаб аноним сўровлар ҳам ўтказиш йўлга қўйилди. Натижалар албатта Омбудсманнинг қийноқ ҳолатларининг олдини олиш бўйича амалга оширилган ишлар юзасидан йиллик маърузасида эълон қилинади.
2022 йилда Омбудсманга ўз ваколатини суистеъмол қилиб, инсон ҳуқуқларини поймол этган ҳуқуқ-тартибот ходимлари устидан келиб тушган мурожаатлар ўрганилиб, ходимларнинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо бериш учун прокуратура органларига юборилган. Битта ҳолатда Жиноят кодексининг қасддан баданга оғир шикаст етказиш ва далилларни сохталаштириш моддалари билан айбдор деб топилган. Шунингдек, 11 нафар ходимга нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилган ва 1 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилинган.
QALAMPIR.UZ сайти журналисти собиқ маҳкумлар (исм-шарифлари ошкор этилмаган) билан телефон орқали суҳбатлашганда, “Омбудсман ўзи билан олиб юрадиган қути”лар жумласини айтиб ўтган. Аслида эса “Омбудсман қутилари” олиб юрилмайди, улар колония ва тергов ҳибсхоналарида видео камера ўрнатилмаган ва маҳкумлар бориши мумкин бўлган қулай жойларга жойлаштирилган. Аҳамиятлиси, ушбу қутиларни Омбудсман ходимлари ва минтақавий вакиллардан бошқа ҳеч ким оча олмайди. Мурожаатлар ҳар икки ҳафтада ўрганиш учун олиб кетилади.
Мазкур фильмда эътиборимизни тортган жиҳатлардан яна бири "Эзгулик" Инсон ҳуқуқлари нодавлат нотижорат ташкилотининг раҳбари А.Ташановнинг интервьюси бўлди. У “Омбудсман билан овозимиз бир жойдан чиқмай қолди. Тўғрироғи, биз уларнинг хўрига қўшилолмай қолдик. Шунинг учун ҳозир улар мониторинг кузатувларида иштирок этишимизга қўймаяпти”деган фикрларни билдирган.Аслида эса Омбудсман ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия аъзоси бўлган А.Ташановнинг мониторинг ташрифларига жалб қилинмаётганига унинг Омбудсман огоҳлантиришларига қарамай маҳкумлар ҳуқуқларини бир неча бор қўпол равишда бузгани сабаб бўлган. У маҳкумларнинг қадр-қимматини камситишга қаратилган хабарлари ва шахсга доир ахборотларни уларнинг рухсатисиз эълон қилган. Шундан сўнг Омбудсманга маҳкумлар ва уларнинг яқинлари томонидан "Эзгулик" Инсон ҳуқуқлари ННТ устидан мурожаатлар ҳам келиб тушган.
Эслатиб ўтамиз, мониторинг ташрифларидан кўзланган мақсад, ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқлари таъминланганлик даражасини ўрганиш, асло улардан PR сифатида фойдаланиш эмас.
Бундан тўғри ҳулоса чиқариш ўрнига “ҳуқуқ фаоли” ҳозирда ижтимоий тармоқлар орқали Омбудсман институтига нисбатан аҳоли орасида ишончсизлик кайфиятини уйғотиш мақсадида турли асоссиз хабарлар тарқатиш йўлига ўтди. (Бу бўйича журналистларга қўшимча маълумот берилиши мумкинлиги маълум қилинади)
Юқорида катта сўроқ остида қолдирилган масалага қайтамиз. Биламизки, аҳоли орасида танқидий руҳда ёзилган хабарлар кўпроқ оммалашади. Лекин, журналист ҳар қандай вазиятда ҳам воқеани ҳолис ёритиши зарур. QALAMPIR.UZ сайти материалида эса ушбу ҳолислик тамойили бузулгандек назаримизда... Чунки Омбудсманнинг қийноқларни олдини олиш бўйича фаолияти ҳақидаги янги маълумотлар, фильмдаги баъзи иддаоларни пучга чиқариши аниқ эди.
Қолаверса, ушбу видеоматериал давомида журналист “Оятуллодан аввал ҳам 2020 йилда Навоийдаги қамоқхонадан Янгийўллик 45 ёшар маҳкум Фаррух Хидировнинг жасади чиқарилганди” деб, марҳум Ф.Хидировнинг ўлимини ҳам ушбу ҳолатга боғлашга уринган. Ва, марҳумнинг ўлими бўйича муносабатга шубҳа билан қараган. Марҳум маҳкум Ф.Хидировнинг ўлими ҳолати ҳам интернетнинг турли ижтимоий тармоқларида, хусусан Интернетнинг Facebook ижтимоий тармоғидаги "Эзгулик" Инсон ҳуқуқлари ННТнинг саҳифасида чоп этилгач, Омбудсман ходимлари томонидан жойига чиққан ҳолда ўрганилган. Хабарларда марҳум Маҳкумлар учун ихтисослашган касалхонада, халқ тили билан Сангородда вафот этганлиги кўрсатилган. Омбудсмандаги мавжуд ҳужжатларга кўра ҳам марҳум Ф.Хидиров Навоийдаги колониядан 2020 йил 3 июнь куни Сангородга келтирилган ва 18 июнь куни шу ерда вафот этган. Ҳаттоки, унинг вафотидан сўнг марҳумнинг қариндошлари марҳумнинг оғир касаллиги сабаб, уни олиб кетишга қўрқишган ва марҳум бир неча кун касалхонада сақланган. Бу бўйича ҳам Омбудсманнинг расмий муносабати эълон қилинган.
Шунингдек, фильм якунидаги қийноқ ҳолатлари жазони ижро этиш муассасаларида эмас, тергов жараёнларида содир этилган ва прокуратура органлари томонидан қонунбузулиш ҳолатларига йўл қўйган ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари жиноий жавобгарликка тортилган. Ушбу ҳолатларни жазони ижро этиш муассасаларидаги ўлим ҳолатларига боғлаш мақсадга мувофиқ эмас.
Таъкидлаш лозимки, ҳозирда Омбудсман томонидан унга юборилаётган мурожаатлар таҳлили асосида тергов суриштирув жараёнларидаги қийноқ ҳолатларини олдини олишга қаратилган таклифлар ишлаб чиқилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, агарда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига қийноққа оид мурожаат келса ва у маҳкум ёки маҳбуслар томонидан тасдиқланса, бу ҳақда албатта жамоатчилик хабардор қилинади. Чунки бу очиқлик сиёсатига мос ва қийноқларни олдини олиш бўйича қўйилган муҳим қадамдир.
Омбудсман қийноқ ҳолатларини яширишни эмас, уларни олдини олиш ва бартараф этиш тарафдори.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати