Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Электр энергия ва газдан узиб қўйилган фуқаро мурожаати жойига чиқиб ўрганилди
Facebook ижтимоий тармоғида фуқаро О.Абдуллаеванинг уйи электр энергия ва газ таъминотидан ноқонуний равишда узилганлиги сабабли ўзи ва  3 нафар вояга етмаган фарзанди қийин шароитда яшашга мажбур бўлаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Жамоатчилик эътиборини тортган ушбу хабар ҳақида интернет фойдаланувчилари Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Facebookдаги саҳифасида шарҳлар қолдиришди ва ҳолатни назоратга олинишини сўрашди.

Шунингдек, муқаддам фуқаро О.Абдуллаева мазкур масалада Бола ҳуқуқлари бўйича вакил (Болалар омбудсмани)га ҳам ижтимоий тармоқ орқали болалари ҳуқуқлари бузилаётгани бўйича мурожаат қилган.

Шундан сўнг, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ҳамда Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ходимлари мурожаатни ҳар томонлама ўрганиш мақсадида О.Абдуллаеванинг яшаш жойига чиқиб, мавжуд ҳолатни кўздан кечиришди.

аниқланишича, Олий суднинг 2022 йил 17 февралдаги ажрими билан “Training Project” МЧЖнинг О.Абдуллаевага нисбатан бошқа турар жой берилиши эвазига кўчириш даъво аризаси бўйича О.Абдуллаеванинг кассация шикояти кўриб чиқилиб, қаноатлантириш рад этилган.

Бироқ, ҳозирда О.Абдуллаеванинг шикоятига асосан суд иши такрорий кассация инстанциясида кўрилаётганлиги маълум бўлди. Шу сабабли суд ҳужжатларининг ижроси тўхтатилган.

Лекин, шунга қарамасдан, 2022 йилнинг 31 октябрь куни жойида амалга оширилган ўрганиш давомида О.Абдуллаевага мулк ҳуқуқи асосида тегишли бўлган уй жой газ вa электр энергияси таъминотидан тўлиқ узилганлиги аниқланди. Бундан ташқари, ушбу хонадонда 3 нафар вояга етмаган бола истиқомат қилиши, улардан 2 нафари мактаб ёшида (бири тиббий жароҳат туфайли юриш ҳаракати чекланган) эканлиги маълум бўлди. Электр энергияси узилганлиги боис уларнинг дарс тайёрлаш имконияти сезиларли даражада чекланган, газ ўчирилганлиги сабабли эса таом тайёрлаш ва уйни иситиш имконияти мавжуд эмаслиги аниқланди.

Мурожаатчининг сўзларига кўра, у «Ҳудудгазтаъминот» АЖ ҳамда “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖга мурожаат қилган бўлсада, шартнома мажбуриятлари кучда бўлган бир вақтда унга коммунал хизматлардан узилиш асослари тақдим этилмаган.

Фуқаро О.Абдуллаеванинг хонадони қурилиш объектининг ёнида жойлашган бўлиб, бу мурожаатчи ва унинг фарзандлари ҳаётига хавф туғдиради. Хонадоннинг газ ва электрдан узилганлиги эса уларни яшаш жойини ташлаб чиқиб кетишларига сунъий равишда мажбурлашдек кўринди.

Мурожаатни жойига чиқиб ўрганиш натижаларига кўра, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори номига мулкдорнинг ҳуқуқларини тўлиқ таъминланиши, хусусан туман «Ҳудудгазтаъминот» вa “Ҳудудий электр тармоқлари” АЖлари томонидан истеъмолчининг ҳуқуқлари қонун ҳужжатларига асосан тўлиқ таъминланиб, тезкор кечиктириб бўлмас чора-тадбирлар кўрилиши бўйича мурожаат қилинди.

 Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати