Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳининг навбатдаги ўрганишлари Чирчиқдаги жазони ижро этиш муассасасида маҳкумлар учун электрон магазин хизмати жорий этилган
2022 йилнинг 29 октябрь куни Омбудсман ҳамда унинг ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари томонидан Тошкент вилоятидаги 13-сонли колонияга мониторинг ташрифи амалга оширилди. Унда Омбудсман ходимлари ва унинг Тошкент вилоятидаги минтақавий вакили, «Мадад» ва «Шарқ аёли» ННТ вакиллари ва олий тоифали психолог иштирок этди.

Ташрифи давомида, колониянинг ётоқ жойлари, ошхона, кутубхона, даволаш бўлими, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, ишлаб чиқариш ҳудудидаги шароитлар ўрганилди.

Маҳкумларнинг овқатланиш шароити ўрганилганда, озиқ-овқат таъминоти Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланган меъёрлар талаблари асосида берилаётганлиги ва озиқ-овқат маҳсулотларининг сақланиши санитария-гигиена қоидаларига амал қилинган ҳолда эканлиги аниқланди. Ювиниш хоналари ва Даволаш-профилактик ёрдам кўрсатиш бўлимидаги дори-дармон таъминоти кўздан кечирилганда камчиликлар аниқланмади.

Колониядаги ишлаб чиқариш цехлари фаолияти ҳам ўрганилди. Чарм тўпи, мебель, ёғоч ўймакорлиги, махсус кийим-кечак тикиш цехларида иш қизғин, меҳнат шароитлари ҳам талаб бўйича ташкил этилган.

Мониторинг давомида аввалги ташрифларда Омбудсман томонидан мазкур колонияга билдирилган тавсияларнинг инобатга олинганига гувоҳ бўлинди. Хусусан, маҳкумларга киритилаётган йўқловларни қабул қилиш ва кўздан кечириш жараёнлари рентген аппарати ёрдамида амалга оширилмоқда. Бу қулайлик эса ўз навбатида вақтни тежашга хизмат қилмоқда. Бундан ташқари маҳкумларнинг яқинлари учун ёғингарчилик кунларда совуқдан ва ёзнинг иссиғидан пана қилиш учун кутиш жойлари ҳам ташкил этилган.

Жамоатчилик гуруҳлари аъзоларининг эътиборини тортган жиҳатлардан яна бири электрон магазин хизматининг жорий этилгани бўлди. Колонияга ўрнатилган электрон монитор орқали маҳкумлар, олдиндан шартнома қилинган тадбиркорлик субъектлари, йирик супермаркетлар маҳсулотларидан буюртма қилишмоқда. Буюртма етказиб берилгандан сўнг тўлов амалга оширилади.

Шоира Исакова – олий тоифали психолог,

- Очиғи, мен бу муассасада илгари ҳам бўлганман. Кўп маҳкумлар билан юзма-юз гаплашишга уриниб кўрганман, аммо рухсат беришмаган. Бугун эса уларга яратилаётган шароитларни кўриб,очиғи хурсанд бўлдим. Жиноятга жазо муқаррар, аммо жазони ижро этишда ҳам биринчи ўринда инсонпарварлик ғояси илгари сурилганлиги таҳсинга лойиқ.

Психолог бўлганим учун индамасдан кузатишни одат қилиб олганман. Биринчи навбатда уларнинг кўзларига эътибор қаратаман. Ҳа, улар уйдаги яқинларини соғинишганлиги кўриниб турибди. Лекин, ранги очликдан, овқатсизликдан сарғайган эмас. Уларга яхши шароит яратилган, иссиқ жойлар, тоза ётоқхона, иссиқ овқат, рационлари хилма-хил. Бундай овқатланиш рациони баъзан уйимизда ҳам йўқ.

Маҳкумларнинг кўпчилиги қайта-қайта жиноят содир этиб тушишган экан, албатта унақа шароитга ўрганган одам боргиси келаверади.

Илгари қамоқхонага кирсам, бир-икки кун қўлим ишга бормасди, кайфиятим ёмон бўларди. Лекин бугун ўзгаришларни кўриб, очиғи ўша ерда жазони ўтаётган юртдошларимиз тақдирига бефарқ бўлинмаётганидан кўнглим ёришди.

Омбудсман ҳузуридаги миллий превентив механизм доирасида фаолият юритувчи Жамоатчилик гуруҳлари томонидан республика бўйлаб ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган муассасаларга мониторинг ташрифлари давом эттирилади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати