Мамлакатимизда ушбу касал билан оғриган маҳкумлар ҳам мавжуд. Бу касаллик юқумли бўлгани сабабли беморлар алоҳида ажратилиши лозим. Шунинг учун Ўзбекистонда сил касаллигига чалинган маҳкумлар сақланадиган ягона Махсус даволаш колонияси мавжуд.
Омбудсман бошчилигида ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга амалга ошириладиган мониторинг ташрифларида албатта Бухоро вилоятида жойлашган ушбу 20-сонли Махсус даволаш жазони ижро этиш колонияси ҳам қамраб олинади.
Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Абира Хусейнова 2022 йил 31 октябрь куни маҳкумлар мурожаатларини ўрганиш мақсадида ушбу муассасага мониторинг ташрифини амалга оширди.
Минтақавий вакил дастлаб тиббиёт бўлимига кириб, маҳкумларга яратилган шарт-шароитлар, тиббиёт ходимларининг хизмат хоналари, бемор маҳкумлар сақланадиган палаталар ҳамда руҳий тинчлантириш хонаси билан танишди. Муассасада етарли дори-дармон воситалари, лабораториялар, техник жиҳозлар, жумладан рентген аппарати, стоматолог иш столи ва бошқа керакли воситалар фойдаланишга яроқли ҳолатда.
Сўнг Минтақавий вакил колонияда маҳкумлар учун мўлжалланган ошхона ва маҳкумларга овқат тайёрлаш жараёни билан танишди. Таомнома билан танишилиб, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш жойлари кўздан кечирилди.
Колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкумларнинг яқин қариндошлари билан қисқа ва узоқ муддатли учрашувларга мўлжалланган хоналар ҳам Минтақавий вакил эътиборидан четда қолмади. Чунки махсус колонияда соғайган маҳкумлар дарҳол ажратилиб, уларнинг саломатлиги текшириб турилади. Уларнинг яқинлари келиб маҳкум билан учрашишлари мумкин. Изоляцияланган маҳкумларга узоқ муддатли учрашувларга рухсат берилмайди. Бу тартиб уларнинг оила аъзоларининг соғлиғини сақлаш мақсадида жорий этилган.
Шундан сўнг, колония маҳкумлар яшаш саҳнларига ўрнатилган маҳкумларнинг ариза ва шикоятлари учун мўлжалланган “Омбудсман қути”ларидан мурожаатлар олиниб, ўрганиш учун олиб кетилди.
Бундан ташқари колонияда жазо ўтаётган маҳкумлар билан сайёр қабул ўтказилиб, мурожаатлари бўйича санитария-эпидемиология қоидаларига риоя қилинган ҳолда бирма-бир суҳбатлашилиб, мурожаатлари юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
Мониторинг ташрифи доирасида Омбудсманнинг Бухородаги минтақавий вакили мана шу колонияда ишлайдиган ходимлар билан ҳам суҳбатлашиб, уларга қонунчиликда белгиланган шароитлар яратиб берилганми, ойлик иш ҳақларини тўланишида кечикишлар йўқми деган саволларга жавоб олди.
Ўрганиш якунларига кўра, колонияда жазо ўтаётган маҳкумларга ва шу ерда хўжалик ишларига жалб этилиб, жазо ўтаётган маҳкумларга яратилган шарт-шароитлар юзасидан камчиликлар аниқланмади.
Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати