Лойиҳа доирасида 2022 йилнинг 30 октябрь - 6 ноябрь кунлари Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон Республикалари делегацияси аъзолари учун Германия Республикасига ўқув сафари амалга оширилди. Ўқув сафарида Ўзбекистон томондан Омбудсман Котибияти, Адлия вазирлиги, Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти, "INTILISH" ва “Баркарор Ҳаёт” ННТ вакиллари иштирок этишди.
Ўқув сафари давомида маҳкумлар ва озод қилинган фуқароларни қайта ижтимоийлаштириш бўйича Германия тажрибаси ўрганилди, хусусан, бунда жамоатчилик вакиллари ва давлат тузилмалари билан ўзаро ҳамкорликка алоҳида эътибор қаратилди.
Хизмат сафари доирасида Берлиндаги «Tegel» қамоқхонасига ташриф буюриб, ушбу муассасада фаолият юритаётган “Ҳелмут Цигнер универсал фонди” хусусий нотижорат ташкилоти фаолияти билан танишдилар. Ўзбекистон делегацияси аъзолари маҳкумлар ўқитиладиган ўқув хоналари ва ишлаб чиқариш биноларини катта қизиқиш билан кўздан кечиришди.
Шунингдек, Бранденбургдаги «Neuruppin – Wulkow» қамоқхонаси ва Бранденбург Олий ер судининг озод қилинган фуқароларни ресоциализация қилиш ва пробация хизмати фаолияти билан яқиндан танишилди.
Сафарнинг сўнгги кунида Бранденбург Адлия вазирлиги ходимлари билан учрашув бўлиб ўтди. Қайд этиш лозимки, улар муддатидан олдин озод қилинган ва жазосини тўлиқ ўтаган шахсларни қайта ижтимоийлаштиришга ихтисослашган.
Германия тажрибасини ўрганиш делегация аъзоларига маҳкумлар ва озодликка чиққан шахслар билан ишлашда фуқаролик жамияти институтларининг имкониятларидан самарали фойдаланиш бўйича кўникмаларини оширишларига хизмат қилди.