Навбатдаги “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасидаги тадбирлар 2022 йилнинг 7 ноябрь куни Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида ташкил этилди. Бу галги тадбир доирасида дастлаб, Омбудсман сайёр қабули, банд бўлмаган фуқаролар учун мавжуд бўш иш ўринлари меҳнат ярмаркаси, аҳоли учун тор доирадаги мутахассислар иштирокида тиббий кўрик, фуқароларнинг мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва имкониятлар бўйича хабардорлигини оширишга қаратилган кўргазма ташкил этилди. Ушбу тадбирларда Вилоятнинг “Мирзачўл”, “Тинчлик” ва “Дўнгариқ” МФЙдан 200 нафарга яқин фуқаролар иштирок этишди.
Бўш иш ўринлари ва вакант лавозимлари меҳнат ярмаркасида Сирдарё вилояти Бандлик бош бошқармаси вакиллари томонидан 100 га яқин вакант иш ўринлари таклиф этилди. Шунингдек, фуқароларга меҳнат қонунчилиги юзасидан ҳуқуқий маслаҳатлар ҳам берилди.
Шунингдек, “Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида 100 га яқин фуқаролар 10 га яқин тор доирадаги шифокорлар томонидан тиббий кўрикдан ўтказилди. Сирдарё вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан тиббий кўрикдан ўтказишда фойдаланиладиган зарурий тиббий асбоб-ускуналар ва бошқа анжомлар билан жиҳозланган микроавтобусларда кардиолог, лор, окулист, жарроҳ, ва бошқа йўналишдаги мутахассислар фуқароларни тиббий кўрикдан ўтказиб, соғлиғини тиклашга доир зарурий тавсиялар беришди. Шунингдек, аҳолига 66 турдаги дори-воситалар бепул тарқатилди.
Тадбирда фуқароларга янги қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлардан аҳолининг хабардорлигини оширишга қаратилган тарқатма материаллар ҳам тарқатилди. Ушбу материаллар Сирдарё вилояти Адлия бошқармаси томонидан тақдим этилди.
“Омбудсман мактаби” доирасидаги асосий тарғибот тадбири “Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашда давлат органлари ва ташкилотларининг ўрни” мавзусига бағишланди. Фуқаролар билан ўтказилган очиқ мулоқотда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Сирдарё вилояти Бандлик бош бошқармаси ва Мирзаобод тумани Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлими бошлиқлари, Вилоятнинг Маҳаллабай ишлаш ва тадбиркорликни ривожлантириш агентлиги ва Марказий банк Сирдарё вилояти бош бошқармалари бошлиқ ўринбосарлари иштирок этишди.
Тадбирда сўз олган Омбудсман Феруза Эшматова бу галги “Омбудсман мактаби” тадбир тегишли давлат идоралари билан ҳамкорликда ташкил этилиб, унда асосий мақсад давлат томонидан кўрсатилаётган ижтимоий ҳимояни фуқаролар тадбирларимиз орқали тўлиқ ҳис қилишларига ўз ҳиссамизни қўшишдан иборат. Бугун фуқароларга уларнинг ҳуқуқий хабардорлигини ошириш билан биргаликда Омбудсманга ўз мурожаатини қолдириш, ҳуқуқий маслаҳат олиш, тиббий кўрикдан ўтиш, бўш иш ўринлари билан танишиш имкониятлари яратилганини қайд этди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати