Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ногирон ота ва унинг ягона васийсига ижтимоий ёрдам кўрсатилмадими? Ҳолатни Омбудсман ходимлари ўрганишди
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га Тошкент вилояти Зангиота туманида яшовчи фуқаро К.У. оилавий шароити оғир бўлганлиги сабабли моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш бўйича мурожаат қилган эди. У ўз мурожаатида масъул ташкилотларга мурожаат қилгани лекин, натижа бўлмаганини қайд этди.

Фуқаро ўз мурожаатида ёши 20 ёшда эканлиги, онаси вафот этганидан сўнг отасига ёлғиз васий бўлиб қолганини маълум қилган. Шунингдек, қизнинг отаси иккала қўлидан айрилган, кўзи ҳам кўрмаслиги сабабли мустақил равишда ҳаракат қила олмаслиги сабабли ишлай олмаслигини билдирган.

Мазкур мурожаатни жойига чиқиб ўрганиш мақсадида Омбудсман ходимлари ва “Тинчлик” МФЙ раиси иштирокида ишчи гуруҳ тузилди.

Мурожаатчи К.У.нинг турар жойига етиб борилганда, ишчи гуруҳ аъзолари яшаш учун мутлақо шарт-шароитларга эга бўлмаган иккита кичик хона борлиги ва хоналарни иситиш имконияти йўқлигига гувоҳ бўлишди. Қолаверса, оиланинг қарздорлиги сабаб, хонадон газдан ҳам узиб қўйилгани маълум бўлди.

Фуқаронинг айтишича, у онаси тирик эканлигида бошқа давлатда ишлаб пул юбориб турган. Шу пулларга янги уй қуришга киришишган, лекин, она вафотидан кейин қиз отасига ғамхўрлик қилиш учун ватанига қайтган ва қурилиш ишлари чала қолган. Ҳозирда қиз томорқасига сабзавот ва кўкатлар экиб, уларни сотиш орқали кун кўради.

Мурожаатчи ёғингарчилик кунларида отасини совуқдан соғлиғи ёмонлашишидан хавотирда ва давлатдан совуқ кунларда иссиқ бошпанага эга бўлиши учун ёрдам сўрамоқда.

Маълумки, сўнгги йилларда мамлакатда ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг самарали тизимини шакллантириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилди. Хусусан, 2022-2026 йилларга мўлжалланган янги Ўзбекистоннинг Тараққиёт стратегиясида инсон қадрини улуғлашга йўналтирилган ижтимоий ҳимоя сиёсати бўйича қатор вазифалар белгиланди. Қолаверса, ёрдамга муҳтож аёллар, ёшлар ва ногиронлиги бўлган шахслар «Темир дафтар», «Ёшлар дафтари» ва «Аёллар дафтари»га киритилиб, уларга манзилли ёрдам кўрсатилиши белгиланган.

Ўрганиш натижаларига кўра, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) 2022 йилнинг 25 октябрь куни Тошкент вилояти ҳокимиятига мурожаат қилиб, мурожаатчига уй-жой шароитларини яхшилаш учун моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишни сўради.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати