Қумқўрғон ногиронлиги бўлган болалар учун мурувват интернат уйида 4 ёшдан 18 ёшгача бўлган болаликдан ногирон бўлган, ўзгалар парваришига муҳтож болаларга тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатишга мослаштирилган. “Мурувват” интернат уйида 150 нафар васийликка олинган болалар бўлиб, уларга 204 нафар ходим тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатишади.
Ўрганиш давомида муассасада яшаётган болаларнинг яшаш, овқатланиш, тиббий хизмат кўрсатиш шароитларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, 2022 йил давомида болалар икки маротаба баҳорги ҳамда кузги чуқурлаштирилган тиббий кўрикдан ўтказилгани маълум бўлди.
Аниқланишича, “Мурувват” интернат уйида овқат тайёрлаш аутсорсинг шартномаси асосида “Zamin agrofood” МЧЖ томонидан тайёрланиб келинади. Мониторингда давомида овқатлар сифати ва ошхонанинг санитария-гигиена талабларига оид камчиликлар аниқланмади. Минтақавий вакил томонидан меню ва калькуляциялар кўринадиган жойга осиб қўйилиши тавсия қилинди.
Шунингдек, муассасада бошқа вилоятлардан болаларини кўриш учун келадиган ота-оналар, болалари билан бирон кун бирга бўлишлари учун барча шароитларга эга бўлган кичик меҳмонхона ёки ётоқхона қуриш ҳам тавсия қилинди.
Мониторинг доирасида ходимларга яратилган шароитлар ва улар ҳуқуқларини қай даражада таъминланаётганлик масалалари ҳам ўрганилди. Ходимлардан шикоятлар келиб тушмади, лекин “Мурувват” интернат уйида ишлаётган педагог ходимларнинг мунтазам малакасини ошириш борасида камчилликлар аниқланди.
Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати