Мазкур ҳолат юзасидан таҳлилий маълумот тайёрланиб, юқоридаги каби ҳолатларни олдини олиш мақсадида тавсиялар ишлаб чиқилган ва тегишли давлат идораларига, хусусан Бош прокуратурага юборилганди.
Фарғона вилоят прокуратурасининг маълум қилишича, ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар асосида Марғилон шаҳри ва Олтиариқ туман прокуратураси томонидан тергов олди текширув ҳаракатлари ўтказилган. Хусусан, Марғилон шаҳридаги 16 ва 24-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилотларида 18 нафар тарбияланувчиларни озиқ-овқат маҳсулотларидан заҳарланганлик ҳолати юзасидан тўпланган ҳужжатлар ўрганилиб, мазкур ҳолатда бирор-бир шахснинг ҳаракатларида жиноят аломатлари мавжуд бўлмаган деган сабаб билан 18.10.22 йилда шаҳар прокуратураси терговчиси томонидан жиноят ишини қўзғатишни рад этиш ҳақида қарор қабул қилинган.
Бироқ, мазкур қарор иши ҳужжатлари бўйича тўлиқ текширув ҳаракатлари олиб борилмасдан, барвақт қабул қилинганлиги аниқланиб, 26.10.22 йилда жиноят иши қўзғатишни рад этиш ҳақидаги қарор бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текшириш ҳаракатларини олиб бориш учун туман ИИБ ТБга юборилди.
22 ҳамда 39-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилотида тўпланган ҳужжатлар асосида ўтказилган суд-тиббий экспертизасининг хулосаларига кўра, 45 нафар тарбияланувчи озиқ-овқат ва сут маҳсулотидан енгил даражали ўткир заҳарланиши, бу белги енгил шикастлар тоифасига кириши аниқланган.
Юқоридагиларга кўра, тумандаги 22 ҳамда 39-сонли Давлат мактабгача таълим ташкилотида санитарияга оид қонунчиликни бузилиши одамларнинг оммавий касалланиши ва заҳарланишига олиб келганлиги сабабли 14 октябрь куни Олтиариқ туман прокуратураси томонидан ЖКнинг 2571-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда мазкур жиноят иши юзасидан Олтиариқ тумани ИИБ Тергов бўлими томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Қайд этиш лозимки, юқоридаги МТМдаги ҳолатлар Болалар Омбудсманининг қатъий назоратида турибти.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати