Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Фарғонада вафот этган 15 ёшли бола ўлимида айбланаётган болалар билан учрашди
Хабарингиз бор, Фарғона вилояти Қўқон шаҳридаги Вояга етмаганларга ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказида сақланган 9-синф ўқувчиси А.Р. вафот этган эди. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан марҳумнинг 17 октябрь куни марказда вақтинча сақланаётган 6 нафар болаларга қўшилганидан сўнг, ушбу болалар ётоқхонасида хонадаги болалар билан ўзаро гап талашиб, жанжал келиб чиқиш оқибатида марҳум А.Р. дўппосланиб унга оғир тан жароҳати етказилгани айтилган эди.

2022 йилнинг 18 ноябрь куни Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова Фаргона вилоят прокуратурасида 15 ёшли Вояга етмаган А.Р. ўлимида айбланаётган ва қамоққа олинган А.Э. ва К.С. болалар билан учрашди.

Ўзаро суҳбат давомида қўлга олинган А.Э. ва К.С. уларга қўйилган айбни тан олишди ва ўзларига нисбатан қийноқ, руҳий ва жисмоний босим қўлланилмаганини ва адвокатлар билан таъминланишганини билдиришди.

Болалар Омбудсмани ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар вакиллари билан мулоқотда бола ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича ўз тавсияларини бериб ўтди.

Ҳозирда мазкур ҳолат бўйича Фарғона вилоят прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 10 ноябрь куни Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова Фарғона вилояти Болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибияти ҳамкорлигида Қўқон шаҳридаги ИИБ Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказининг фаолиятини ўрганган эди. Марказда мониторинг давомида аниқланган хато ва камчиликлар бартараф этилиши юзасидан тегишли вазирлик ҳамда идораларга Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг таклиф ва тавсиялари юборилган.

Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати