Меморандум имзолаш жараёнида тарафлар меморандум нафақат марказий ташкилотлар, балки Омбудсманнинг вилоятлардаги минтақавий вакиллари ҳамда Касаба уюшмалари Федерациясининг ҳудудий кенгашлари ўртасида ҳам мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини ўрнатишга ва фуқароларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқларини ҳимоя қилишга хизмат қилиши қайд этилган эди.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, 2022 йилнинг 19 ноябрь куни биринчилардан бўлиб Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили ва Касаба уюшмалари федерацияси вилоят кенгаши ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Тадбирда ҳар икки ташкилотнинг асосий мақсад ва вазифалари фуқаролар, шу жумладан, меҳнаткашларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан иборат эканлиги, шунга кўра, ҳамкорлик меморандумининг имзоланиши асосий мақсад ва вазифалар ижросини янги босқичга олиб чиқиши таъкидланди.
Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили Диёр Ҳусанов,
– Бизга жисмоний шахслар бузилган ҳуқуқларини тиклашда ёрдам сўраб мурожаат қилишса, касаба уюшмаларига муайян меҳнат жамоасида ишлайдиган фуқаролар мурожаатчи бўлади. Кўриниб турибдики, ҳар икки ташкилот ҳам фуқаролар ҳуқуқларини тиклаш учун бирдек масъул. Шу боис биз фаолиятимизни ҳамкорликда йўлга қўйиш орқали меҳнат ҳуқуқларига оид мавжуд муаммоларга биргаликда ечим топиш, ўз навбатида профилактик тадбирлар ўтказишга келишиб олдик. Бугун имзоланган меморандумда айни шу масалалар расман мустаҳкамлаб қўйилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати