Омбудсманнинг Бухоро вилоятидаги минтақавий вакили Абира Ҳусейнова Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган эркаклар учун интернат уйига амалга оширган мониторинг ташрифида 31 нафар фуқаро бугунги кунга қадар Ўзбекистон Республикаси фуқаролик паспорти олишда муаммоларга дуч келаётгани, яъни аксарият ҳолларда туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномалар мавжуд эмаслиги маълум бўлган. Таъкидлаш лозимки, уларнинг айримларининг шахсан мулоқот қилиш ўз фикрларини баён этиш имкониятлари мавжуд эмас.
Ушбу масала Омбудсман минтақавий вакили томонидан назоратга олиниб, тегишли ташкилотларга мурожаат қилинди. Натижада 18 нафар фуқаронинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини Давлат хизматлар агентлигидан олиш учун тўлов интернат уйи ва божхона ходимлари томонидан тўлаб берилган. 5 нафар фуқаронинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномаси агентлик томонидан аниқлик киритилган бўлиб, интернат уйи томонидан тўловлар амалга оширилгандан сўнг паспорт олиш учун тегишли ташкилотга тақдим этилиши режалаштирилган. 8 нафар фуқаронинг шахсига аниқлик киритиб бўлмаётганлиги сабабли, Давлат хизматлар агентлиги томонидан маълумотлар олиш имкони йўқлиги маълум қилинган.
2022 йилнинг 16 ноябрь куни Омбудсманнинг Бухоро минтақавий вакили, Давлат божхона қўмитаси Бухоро вилояти бошқармаси ва ИИБ билан ҳамкорликда Қоракўл туманидаги “Мурувват” ногиронлиги бўлган эркаклар учун интернат уйида тадбир ташкил этилиб, васийликка олинган фуқароларнинг 14 нафарига Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг идентификацияловчи ID-карталари топширилди. Яна 7 нафар фуқароларнинг ҳужжатлари тайёрланиш жараёнида эканлиги маълум қилинди.
Маълумот учун: Интернат уйида 306 нафар эркаклар давлат томонидан васийликка олинган бўлиб, муассасанинг моддий-техник базаси мустаҳкамланган ва инфратузилмаси яхшиланган. Васийликка олинган кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш самарадорлигини оширишга қаратилган замонавий услуб ва ижтимоий технологиялар татбиқ этилган. Қулай шарт-шароитлар яратилган. Ижтимоий мослаштириш ва уларга ўз қизиқишларидан келиб чиқиб касб-ҳунарлар ўргатилмоқда. Бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда интеллектуал, жисмоний ва ижодий қобилиятини ривожлантириш бўйича амалий ишлар бажарилмоқда.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати