Минтақавий вакил ўз маърузасида инсон қадрини юксалтириш йўлини танлаган Ўзбекистон қийноқ ҳолатлари билан қатъий равишда курашиш борасида аниқ позицияга эга экани, мамлакатимизда қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларига барҳам бериш мақсадида кенг қамровли ислоҳотлар олиб борилаётганлигини алоҳида таъкидлаб ўтди.
Шунингдек, семинар иштирокчиларига Давлат раҳбарининг 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорининг мазмун-моҳияти тушунтирилди.
Семинар давомида Омбудсман ва унинг ҳузуридаги Жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга амалга оширилган мониторинг ташрифлари ва уларда аниқланаётган камчиликларга алоҳида эътибор қаратилди.
Қолаверса, 2022 йилнинг 9 ойида Омбудсман номига руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги масаласида 143 та шикоят келиб тушгани ва уларни кўриб чиқилиши натижасида 11 нафар ходимга нисбатан интизомий таъсир чоралари қўлланилгани ва 1 нафар ходим билан меҳнат шартномаси бекор қилингани ҳамда прокуратура томонидан ўтказилган ўрганишларга кўра, 1 та шикоят бўйича 1 нафар маҳкумга қўлланилган интизомий таъсир чораси ноқонуний деб топилган ва бекор қилингани маълум қилинди.
Семинардан сўнг, 40-сон Манзил-колониясида сақланаётган 6 нафар маҳкум билан якка тартибда суҳбатлар ҳам ўтказилиб, уларнинг мурожаатлари қабул қилинди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати