Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
3 декабрь - Халқаро ногиронлар куни
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг 1992-йилдаги Бош ассамблеясида 3-декабрь “Халқаро ногиронлар куни” сифатида белгиланган. Шундан буён бутун дунёда ушбу сана кенг нишонланиб келинмоқда. Бундан асосий мақсад жамиятда ногиронлиги бўлган шахслар дуч келаётган муаммоларни яхшироқ тушуниш, уларни бартараф этиш, қадр-қиммати, ҳуқуқларини ҳимоялаш, турмуш шароитларини яхшилашдан иборат.

Ўзбекистон Республикаси томонидан БМТнинг Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини 2009 йилда имзоланган. 2021 йилда эса Ўзбекистон Парламенти томонидан ратификация қилинган.

Мазкур конвенция ва ногиронлиги бўлган шахсларга оид қонунда тегишли давлат ташкилотлари ва ҳокимиятларга ногиронлиги бўлган шахсларнинг ижтимоий объектларда ҳеч қандай тўсиқларсиз ҳаракат қилиши учун шарт-шароитларни яратиш мажбурияти юкланган. Тўғри, шу кунга қадар ҳам бино ва иншоотлар, йўлаклар, транспорт воситаларининг маълум бир қисмигина ногиронларнинг эркин ҳаракатланиши учун мослаштирилди, лекин бу етарли эмас. Имконияти чекланган шахслар ҳар қандай ижтимоий объектлардан ва хизматлардан ҳеч қандай тўсиқларсиз фойдалана олишлари шарт.

Юртимизни барча учун тенг, инклюзив шароитларга эга масканга айлантириш учун ҳамма бирдек ҳаракат қилиши, шаҳарсозлик лойиҳалари ишлаб чиқилаётганда ногиронлиги бўлган шахсларнинг истак-эҳтиёжлари ҳам инобатга олиниши зарур. Чунки барчага тенг шароитлар яратиш Aсосий қомусимизда белгиланган.