Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Бир хонадонда 2 нафар ногиронлиги бор шахс яшаса, уларнинг фақат биттасига ижтимоий ёрдам кўрсатиладими?
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га Навоий шаҳрида яшовчи фуқаро В.Н. 1-гуруҳ ногиронлиги бўлган укаси С.Н.га ижтимоий ёрдам кўрсатилмаётганидан норози бўлиб мурожаат қилди.

Ушбу мурожаат Омбудсманнинг Навоий вилоятидаги минтақавий вакили Шуҳрат Жўраевга жойига чиқиб ўрганиш учун юборилди.  Минтақавий вакил Вилоят тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бошқармаси, Пенсия ва нафақаларни тайинлаш, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш бўлимлари масъуллари иштирокида ишчи гуруҳ тузиб, мурожаатни жойига бориб ўрганди. Мурожаатчи ва унинг укаси билан суҳбат ўтказилди, масалага тегишли ҳужжатлар ўрганилди.

Аниқланишича, бир хонадонда ногиронлиги бўлган ака-ука фуқаролар яшашади.  Уларнинг ҳар иккаласи кўз касалликлари бўйича 1-гуруҳ ногирони сифатида рўйхатда туради. Лекин уларнинг биттасигагина имтиёзлар белгиланган. Яъни, акаси тегишли қонун ҳужжатларига кўра, Навоий шаҳар тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлими томонидан бириктирилган ижтимоий ходим белгиланган график асосида ижтимоий хизмат кўрсатиб келади ҳамда ҳар ойда бепул етказиб бериладиган озиқ-овқат маҳсулотлари, гигиена товарлари ўрнига базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 бараварида  қўшимча тўловлар бериб келинади. 1-гуруҳ ногирони бўлган ука эса ҳеч қандай ёрдам олмайди.  

Фуқаро С.Н.ни якка-ёлғизлар рўйхатига киритиш ва белгиланган имтиёзлардан фойдаланиши учун тегишли ташкилотларга мурожаат қилинди ва Омбудсман хулосаси юборилди. Ҳозирда унга уй ишларида ёрдам қилиш учун ижтимоий ходим бириктирилди ва ҳар ойда қўшимча тўлов амалга оширилиши таъминланди. Узоқ вақтдан бери ҳал бўлмаган мурожаат Омбудсман аралашувидан сўнг ижобий ечим топди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати