Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Комиссия аъзолари айбланувчилар билан суҳбатлашишди
Жорий йилнинг 23 декабрь куни Комиссия аъзолари Ф.Эшматова бошчилигида Бухоро вилоятидаги 4-сон Тергов ҳибсхонасига ташриф буюришди. Ташриф давомида ҳибсхонадаги шарт-шароитлар, иситиш тизими ва озиқ-овқат таъминоти ўрганилди.

Шунингдек, Комиссия аъзолари ушбу Тергов ҳибсхонасида сақланаётган А.Турданов, Н.Найымов, А.Нуратдинов, Б.Кадирбергенов, Б.Сейтназаров ҳамда Л.Каллыхановалар билан учрашди.

Учрашув давомида улар сақлаш шарт-шароитларидан ҳеч қандай эътирозлари йўқлигини, таъминотлари яхшилигини, шу билан бир қаторда суд жараёни ҳам қонуний тарзда ўтказилаётганлигини маълум қилишди.

Айбланувчи Н.Найымов қуйидагиларни маълум қилди.

-Бухоро вилоятидаги Тергов ҳибсхонасига келишдан бироз қўрққан эдим. Лекин хавотирларим бекор бўлиб чиқди. Бу ердаги шароитлар яхши, камералар иссиқ, озиқ-овқатлардан ҳам шикоятим йўқ.

Б.Кадирбегенов ҳам Н.Найымовнинг сўзларини тасдиқлади.

- Мен Д.Таджимуратовнинг гапларига ишониб, бўлиб ўтган ҳолатлар ва воқеаларда қатнашиб адашдим. Шу пайтгача Д.Таджимуратовни қўллаб келганман, лекин бизни юзлаштиришганида у фақат халқни ва бизни айблаб кўрсатма берди. Суд жараёнида ҳам фақат бизни айбламоқда. У халқини сотди, аслида бу ишларга у сабабчи. Шундан сўнг барчамиз унга қарши кўрсатма бердик.

Шунингдек, А.Турданов ҳам Бухоро вилоятидаги Тергов ҳибсхонасида ҳаммаси яхши эканлигини, 2-сон Тергов ҳибсхонасидан шароитлар анча яхши эканлигини, камералари кенглигини билдирди.

Суҳбат давомида, улар кўрсатмаларни ўз хоҳишлари билан бераётганликларини, уларга кўрсатма беришга бирор-бир шахс томонидан руҳий ёки бошқача тарзда таъсир бўлмаётганлигини, 23 декабрь куни ҳам ўзаро келишилмаган ҳолда Президентдан ва халқдан кечирим сўраганликларини маълум қилишди.

Шунингдек, улар сайр учун 10-15 дақиқа берилаётганлигини, бироқ об-ҳаводан келиб чиқиб ўзлари рад этаётганликларини маълум қилишди. Қолаверса, уларга керакли пайтда тиббий хизмат кўрсатилаётгани ва ҳибсхонанинг барча ходимларидан миннатдор эканликларини билдиришди.

Қорақалпоғистон Республикасида юз берган ҳолат ва воқеаларни ўрганиш бўйича комиссия аъзолари шу куни Л.Каллыханова билан ҳам учрашишди. У сақлаш шароитлари яхши эканлигини, ҳеч қандай эътирози йўқлигини маълум қилди.

Шунингдек, Л.Каллыханова ушлаш вақтида ҳам унга нисбатан ҳеч қандай руҳий ва жисмоний қийноқ бўлмаганлигини, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари уни уйидан олиб чиқиб кетиш жараёнида тушлик қилиб олишига ҳам шароит қилиб берганликларини, тергов вақтида ҳам, ҳозирда ҳам кўрсатмаларни ўз хоҳиши билан бераётганлигини, қорақалпоқ халқига босим орқали ниманидир айттириш мумкин эмаслигини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати