Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман томонидан жойига чиқиб ўрганилган мурожаат ижобий ҳал этилди
Хабарингиз бор, ombudsman.uz расмий сайтида Тошкент вилояти Зангиота туманида яшовчи ёрдамга муҳтож ногирон ота ва унинг ягона васийсининг мурожаати Омбудсман томонидан жойига чиқиб ўрганилгани ҳақида маълум қилинган эди. Унда мурожаатчининг яшаш учун мутлақо шарт-шароитларга эга бўлмаган, совуқ ва қарздорлиги учун газдан ҳам узиб қўйилган уйда яшаши айтилган.

Мазкур ҳолат бўйича, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Тошкент вилояти ҳокимиятига мурожаат қилиб, мурожаатчига уй-жой шароитларини яхшилаш учун моддий ва ижтимоий ёрдам кўрсатишни сўраган эди.

Омбудсманга маълум қилинишича, ҳозирда мурожаатчининг чала қурилган уйи ҳомийлар томонидан таъмирланди, иссиқлик ва газ билан таъминланган.

Шунингдек, 2-гуруҳ ногиронлиги бўлган ота тиббий кўрикдан ўтказилиб, 1-гуруҳ ногирони сифатида рўйхатга олинган. 

Эслатиб ўтамиз, Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 10 августдаги 237-сон қарори билан тасдиқланган “Кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга ижтимоий хизматлар ва ижтимоий ёрдам кўрсатиш, шунингдек ижтимоий хизматларнинг якка тартибдаги дастурини шакллантириш ва амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 6-бандига мувофиқ, ёлғиз яшайдиган ҳамда ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга уйида парвариш қилиш бўйича ижтимоий хизматлар тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш бўлимлари томонидан кўрсатилади ҳамда улар маиший хизмат кўрсатишни, шу жумладан озиқ-овқат маҳсулотларини, зарур саноат товарларини ва дори-дармонларни сотиб олиш ва уйига етказиб беришни, овқатлар тайёрлашда ва уйни йиғиштириш-тозалаш, гигиена ишларида кўмаклашишни ўз ичига олади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати