Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Самарқанддаги болалар шифохонасида 18 нафар бола вафот этгани бўйича Болалар Омбудсмани  мониторинг ўтказди
Ижтимоий тармоқларда Самарқанддаги болалар шифохонасида Док- 1МАКС препарати сабаб 15 нафар бола вафот этгани ҳақида маълумот тарқалди.

Жорий йилнинг 24 декабр куни Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили А. Юнусова ҳамда Бола ҳуқуқларини таъминлаш сектори вакиллари Самарқанд вилояти болаларни ҳимоя қилиш масалалари котибияти мудири, вилоят прокурорининг биринчи ўринбосари, Самарқанд шаҳар прокуратура ходимлари, вилоят ҳокимлиги Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи, вилояти болалар кўп тармоқли тиббиёт маркази раҳбари ва вилоят ҳокимлиги Соғлиқни сақлаш бошқармаси бош педиатри иштирокида юқоридаги ҳолат бўйича ўрганиш ўтказди.

Ўрганишлар кўрсатмоқдаки, вилоят болалар кўп тармоқли тиббиёт марказида сентябр-декабр ойларида 21 нафар бемор ўткир буйрак зарарланиши билан текширилган, даволанган. Беморлар Жиззах, Қашқадарё, Навоий ҳамда Самарқанд вилоятидан бўлган, 3 нафар бемор соғломлаштирилиб уйига жавоб берилган ва 18 нафари вафот этган. Беморларнинг барчаси 6  ёшгача бўлган болалар. Уларнинг 15 нафари 3  ёшгача бўлган болалар.

Беморларнинг яқинларидан уларнинг касалланиш сабаблари суриштирилганда уларда шамоллаш аломатлари бўлганлиги ва даволаш мақсадида Док-1МАКС препарати қабул қилишганлигидан сўнг аҳволи оғирлашганлигини баён қилишган. Док-1МАКС препаратининг ҳар 10 млда парацетамол — 500 мг, гвайфенезин — 200 мг, фенилэфрина гидрохлорид — 10 мг мавжуд. Мутахассислар Док-1МАКС препарати қўлланилиши кўрсатмасида препаратни 2 ёшдан қўллаш мумкинлиги кўрсатилганлиги, лекин шундай таркибли бошқа компаниялар препаратлари асосан 12 ёшдан кейин қўллашга рухсат берилганлигини таъкидлашди.

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлиғини сақлаш тўғрисида”ги қонунининг 40-моддасида патологик-анатомик тадқиқотлар соғлиқни сақлаш муассасаларида одам ҳаётлигида ҳамда ўлганидан сўнг ташхис қўйиш (биопсия ва аутопсия), шунингдек, клиник шароитда ташхис қўйиш ва касалликни даволаш ишларининг тўғри олиб борилганлигини назорат қилиш, ўлим сабаблари ҳақида аниқ маълумотлар олиш мақсадида ўтказилиши белгиланган.

Шу билан биргаликда Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш вазирининг буйруғи билан тасдиқланган “Патологик-анатомик тадқиқотлар ўтказиш тартиби тўғрисида”ги низомга (22.02.2019 йил. рўйхат рақами 3138) кўра даволаш-профилактика муассасаларида вафот этган шахсларнинг ўлим сабабларини аниқлаш мақсадида патологик-анатомик тадқиқотлар ўтказиш белгиланган, лекин вафот этган беморларнинг бирортаси ҳам патологик-анатомик тадқиқотдан ўтказилмаган.

Ҳозирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан тузилган ишчи гуруҳи ўз ўрганишларини давом эттирмоқда. Самарқанд шаҳар прокуратураси ҳар бир ўлим ҳолати бўйича суриштирув-тергов олиб бормоқда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Самарқанд вилояти прокурори биринчи ўринбосаридан ҳолат бўйича чуқур ўрганиш олиб боришларини ва ҳар бир ҳолатда айбдорлар жазосиз қолмаслиги, қонун устуворлиги таъминланиши шартлигини сўради. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан ҳолат тўлиқ назоратга олинди.

Ҳурматли ота-оналар, фарзандларингиз саломатлигига беэътибор бўлманг! Уларга шифокор тавсиясисиз, ўз бошимчалик билан дори препаратларини берманг. Дори воситаларини нотўғри қўллаш оқибатида бола саломатлигига жиддий зарар етиши мумкин.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати