Маълумки, Омбудсман фаолияти тўғрисидаги ҳисобот Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида ҳар йили эшитилади. Бундан аввал эса Омбудсман ҳузуридаги Инсоннинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши бўйича комиссия аъзолари билан биргаликда муҳокама қилинади.
Тадбирда сўз олган Омбудсман Ф.Эшматова, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили 2022 йилда ўз фаолиятини инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга йўналтириб, фуқаролар мурожаатлари билан ишлашга, қонунчиликни ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни такомиллаштиришга ҳамда мониторинг фаолиятига, қийноқ ҳолатларининг олдини олишга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга, фуқароларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга ҳамда Омбудсман фаолиятининг очиқлиги ва шаффофлигига қаратганини қайд этди.
Йиғилишда қайд этилишича, ҳисобот йилида Омбудсман номига жами 17761 та мурожаат (2021 йилда 18738 та) келиб тушган. Жумладан, келиб тушган мурожаатларнинг 14526 таси Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан, чет эл фуқароларидан ва хорижий давлатлар омбудсманларидан, 3235 таси жазони ижро этиш муассасаларидан юборилган.
2022 йилда Омбудсман томонидан фуқаролар мурожаатларини ўрганиш давомида аниқланган бузилган ҳуқуқларни тиклаш юзасидан ташкилот ёки мансабдор шахсларга 134 та таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилди. Ушбу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 42,5 фоизга ошган.
Шунингдек, комиссия аъзоларига Омбудсманнинг Қийноқларни олдини олиш, мониторинг ва ҳуқуқий таҳлил, халқаро ҳамкорлик, ҳуқуқий тарғибот ва жамоатчилик билан ишлаш йўналишидаги фаолияти ҳақида ҳам маълумотлар берилди.
Йиғилиш давомида мажлис кун тартибига қўйилган барча масалалар юзасидан аниқ таклифлар билдирилди ва комиссиянинг тегишли қарори қабул қилинди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати