Мазкур ҳолат бўйича Мустақил комиссия аъзолари жорий йилнинг 6 февраль куни Бухоро вилоятига ташриф буюриб, ўлим ҳолати сабабларини, жумладан ҳибсхонадаги шароитлар, камера ёзувлари, дастлабки тиббий хулоса ва бошқа тегишли ҳужжатларни ўрганишади. Шунингдек, марҳум билан битта камерада бўлган шахслар ва тергов ҳибсхонаси ходимлари билан суҳбат ўтказилади.
Ўрганиш натижалари ҳақида жамоатчилик хабардор қилиниши маълум қилинади.
Қорақалпоғистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг собиқ бўлим бошлиғи, марҳум Пўлат Шамшетов одамларни оммавий тартибсизликларга чақиргани ва ўзи ҳам намойишларда фаол иштирок этгани учун 6 йилга озодликдан маҳрум қилинган эди.
Марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига Комиссия аъзолари номидан таъзия изҳор этамиз.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати