Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Парламент комиссиясида Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2022 йилдаги фаолияти бўйича ахбороти эшитилди
Жорий йил 9 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасида Инсон ҳуқуқлари соҳасида Ўзбекистон Республикасининг халқаро мажбуриятларга риоя этилиши бўйича Парламент комиссиясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2022 йилдаги фаолияти бўйича ахбороти эшитилди.

Йиғилишда сўз олган Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Ф.Эшматова ўтган 2022 йил мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги миллий қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, унга риоя этилишини мониторинг қилиш, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳоли ва давлат органлари вакиллари ҳуқуқий онгини ҳамда хабардорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларига мунтазам кириб туриш орқали маҳкумларни қийноққа солишнинг олдини олиш борасида Омбудсманнинг ўрни ва роли сезиларли даражада ошганини қайд этди.

Омбудсман ўз фаолиятини амалга оширишда энг аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилаётганлиги ҳақида мурожаатларини таҳлил қилиш, инсон ҳуқуқларининг бузилиши тўғрисидаги ахборотларни ўрганиш, қонун лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси натижасида Омбудсман хулосаларини тақдим этиш, ишлаб чиқилган ва муҳокамага қўйилган қонун лойиҳалари юзасидан таклиф ва мулоҳазаларни киритиш, қонун ҳужжатларидаги номувофиқликларни бартараф этиш, инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ бўлган халқаро ҳужжатларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратди.

Қайд этилганидек, ҳисобот йилида Омбудсман номига жами 17761 та мурожаат (2021 йилда 18738 та) келиб тушган. Жумладан, келиб тушган мурожаатларнинг 14526 таси Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан, чет эл фуқароларидан ва хорижий давлатлар омбудсманларидан, 3235 таси жазони ижро этиш муассасаларидан юборилган.

Ўтган йилги мурожаатларнинг ҳудудлар кесимидаги таҳлили шуни кўрсатдики, энг кўп мурожаатлар Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий ва Жиззах вилоятларидан келганлиги маълум бўлди.

2022 йилда Омбудсман томонидан фуқаролар мурожаатларини ўрганиш давомида бузилган ҳуқуқларни тиклаш юзасидан ташкилот ёки мансабдор шахсларга 134 та таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилган. Жумладан, давлат органлари ва ташкилотлари ва судларга фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан 20 та тақдимнома, 36 та хулоса, 78 та даъво аризалари киритилган. Эътиборлиси, ушбу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 42,5 фоизга ошган.

Комиссия аъзолари Омбудсманнинг 2022 йилдаги фаолияти бўйича тақдим этилган ахборотни тинглар экан, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланилишининг олдини олиш мақсадида ўтказилган мониторинглар сони ва сифати ўсиб бораётганини алоҳида эътироф этишди.

Хусусан, 2022 йилда ўтказилган мониторинг ташрифлари сони 381 маротабани (2021 йилда 177 та мониторинг ташрифлари) ташкил этиб, бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 2,2 баробарга ошгани,  жазони ижро этиш муассасаларида инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини таъминлашда муҳим аҳамият касб этаётгани таъкидланди.

Шунингдек, ўтган йил давомида Омбудсман номига ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахслар, уларнинг яқин қариндошлари ва ҳимоячилари томонидан жами 3235 та мурожаат келиб тушди. Уларнинг 52,5 фоизи бевосита маҳкум ва маҳбуслар томонидан юборилган.

Омбудсман сўровига асосан прокуратура идоралари томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги 43 та (2021 йилда 32 та) қарорнинг барвақт қабул қилинганлиги аниқланган. Ушбу қарорлар бекор қилиниб, қўшимча суриштирув ва терговга қадар текширув ўтказиш белгиланган.

Бугун мамлакатимизда болалар манфаатларини таъминлаш, уларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг асосий устувор йўналишидан бирига айланди. Йиғилиш давомида Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани) томонидан амалга оширилган ишларга ҳам тўҳталиб ўтилди.

Хусусан, 2022 йилда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси жисмоний ва юридик шахслари, болалар ҳамда уларнинг қонуний вакиллари томонидан 696 та мурожаатлар келиб тушган. Шундан шахсий қабулда 275 та, почта ва Омбудсманнинг виртуал қабулхонаси орқали 386 та, “Ишонч телефони” орқали 35 та мурожаатлар қабул қилинган.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан чет элда ота-она қарамоғисиз қолиб кетган болаларни юртимизга қайтаришда Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда 2022 йил давомида Россия Федерациясидан 37 нафар, Қозоғистон Республикасидан 4 нафар, Туркия давлатидан 2 нафар вояга етмаганлар жами 43 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилган..

2022 йилда етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болалар 11549 нафарни ташкил қилган. Ушбу болаларнинг 11162 нафари (96,7 фоиз) оилаларга ва болалар муассасаларига жойлаштирилган (9010 нафарига васийлик-ҳомийлик белгиланган, 2024 нафари оилаларга тарбияга берилган, 128 нафари болалар тарбия муассасаларига жойлаштирилган). Қолган 387 нафарини (3,3 фоизи) оилаларга жойлаштириш чоралари кўрилмоқда. 652 нафар болаларнинг ота-оналари ота-оналик ҳуқуқини суистеъмол қилганликлари, болаларни тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан бош тортганликлари учун ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этилган.

Шунингдек, Парламент комиссияси аъзоларига Омбудсманнинг ҳуқуқий таҳлил, халқаро ҳамкорлик, ҳуқуқий тарғибот ва жамоатчилик билан ишлаш йўналишидаги фаолиятлари юзасидан ҳам маълумотлар берилди.

Йиғилиш якунида комиссия аъзолари томонидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди ҳамда кўриб чиқилган мазкур масала юзасидан Парламент комиссиясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати