Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
2022 йилда Омбудсман номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан 17761 та мурожаат келиб тушган.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари дастлаб Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсман) 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни тинглади.

Кейинги йилларда Омбудсман фаолияти кенгайди, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича натижалар яхшиланмоқда. Хусусан, 2022 йил 1 январдан Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари ҳам доимий асосда фаолият юрита бошлади. Мурожаатларни ҳар томонлама ўрганиш, тезкор ҳал этишда бу муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳудудларда сайёр қабуллар мунтазам ташкил этиб келмоқда.

Ҳисоботда келтирилишича, 2022 йилда Омбудсман номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, фуқаролиги бўлмаган шахслар, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан 17761 та мурожаат келиб тушган. Бу 2021 йил билан таққослаганда 5,2 фоизга камдир. Омбудсман томонидан 2022 йилда оила ҳуқуқи йўналишида 683 та мурожаат кўриб чиқилиб, уларнинг 327 таси парламент назорати субъекти
сифатида ўрганилган.

Фуқароларга моддий ёрдам кўрсатилиши, ногиронлик нафақасини олиш, пенсия олишдаги муаммолар ва бошқа масалаларда ҳам мурожаатлар қонун доирасида ҳал этилган. Фракция аъзолари ҳисобот билан танишар экан, партия электорати манфаатлари ҳимоя қилиниши билан боғлиқ кўрсаткичларни алоҳида эътироф этдилар. Ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли чекка ҳудудларда кўпроқ истиқомат қилишини инобатга олиб, Омбудсманнинг минтақавий вакиллари фаолиятини янада жонлантириш юзасидан таклиф ва мулоҳазаларини билдирдилар.

ЎзХДП фракцияси аъзолари қийноқларга қарши курашда, фуқароларнинг ҳуқуқларини қатъий ҳимоя қилишда Омбудсман фаолияти таъсирчанлигини ошириш бўйича кўрилаётган чоралар ҳақида сўрашди. Омбудсман Феруза Эшматова томонидан берилган саволларга батафсил жавоблар қайтарилди. Шу билан бирга, давлат ҳокимияти, ҳуқуқ-тартибот идоралари фаолиятини таҳлил қилиш, тизимли таклифлар ишлаб чиқиш кераклиги ҳам тавсия этилди. Муҳокамалардан кейин ҳисобот маъқулланди.

parliament.gov.uz

parliament.gov.uz