Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман номига тадбиркорлик ҳуқуқларини ҳимоя қилишга оид қанча мурожаат келиб тушди?
Жорий йилнинг 13 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда дастлаб Президентимизнинг ҳудудлар иқтисодиёти, аҳоли билан мулоқот қилиш мақсадида Жиззах вилоятига ташрифи давомида берган топшириқлари ижроси юзасидан партия ва фракция олдидаги устувор вазифалар атрофлича муҳокама қилинди.

—Кейинги йилларда мамлакатимизнинг барча вилоятларида бўлгани каби Жиззахда ҳам аҳоли турмуш фаровонлигини таъминлаш борасида улкан ишлар амалга оширилди, —дейди қуйи палатадаги ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари Актам Ҳаитов. — Айниқса, янги-янги корхоналарнинг очилиши натижасида аҳоли иш билан таъминланиб, оилалар турмуш фаровонлиги янада юксалмоқда. Жорий йилда ҳам режа ва мақсадлар янада улкан. Боиси ташриф чоғида қатор вазифалар белгилаб берилдики, уларнинг ижросини ўз вақтида таъминлаш ЎзЛиДеП ва унинг парламентдаги фракцияси аъзоларидан ҳам якдиллик ва фаоллик талаб этади. Биз депутатлар ушбу топшириқлар ижросини сифатли ва юқори савияда таъминлашда фаол ва ташаббускор бўламиз.

Шундан сўнг, йиғилишда Олий Мажлис Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Таъкидланганидек, сўнгги йилларда мамлакатимизда Омбудсманнинг ўрни ва аҳамияти сезиларли даражада ошиб бормоқда. Хусусан, Омбудсман жамоатчилик вакилларини жалб қилган ҳолда жазони ижро этиш муассасаларига мониторинг ташрифларини амалга оширяпти. Маҳкумлар билан бевосита суҳбатлар олиб бориб, аниқланган муаммоларни бартараф этиш чораларини кўраётир.

Шунингдек, Омбудсман томонидан мулк ва мулк дахлсизлиги ҳуқуқи, фирибгарлик, мерос ҳуқуқи, адолатли меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқ, кредит олиш ҳуқуқи ҳамда шартномавий муносабатларга доир масалалар иқтисодий ҳуқуқлар доирасида ўрганилмоқда. Тадбиркорларнинг ҳуқуқлари билан боғлиқ масалалар ҳам кўриб чиқиляпти.

Ҳисобот даврида Омбудсманга фуқароларнинг иқтисодий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш юзасидан 2977 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 1202 таси мулк ва мулк дахлсизлиги, 897 таси эса меҳнат ва адолатли меҳнат шароитларига бўлган ҳуқуқлар ташкил этади. Мурожаатларнинг 610 таси Омбудсман томонидан назоратга олиниб, уларнинг 165 таси ижобий ҳал этилган.

Ўтган даврда Омбудсман номига фуқароларнинг тадбиркорлик ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан боғлиқ 478 та мурожаат келиб тушган бўлса, уларни бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилди. Шу билан бирга, Омбудсман томонидан фуқароларнинг солиқ муносабатлари билан боғлиқ бўлган мурожаатлари юзасидан тегишли ишлар амалга оширилди ва кўплаб масалалар ижобий ҳал этилишига эришилди.

Муҳокамалар давомида билдирилган фикр-мулоҳазалар инобатга олинган ҳолда, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи маъқулланди.