Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди
Жорий йилнинг 14 февраль куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил (Омбудсман)нинг 2022 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Ф.Эшматова таъкидлаганидек, ўтган 2022 йил мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги миллий қонун ҳужжатларини такомиллаштириш, унга риоя этилишини мониторинг қилиш, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, аҳоли ва давлат органлари вакиллари ҳуқуқий онгини ҳамда хабардорлигини ошириш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида халқаро ҳамкорлик қилиш, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларига мунтазам кириб туриш орқали маҳкумларни қийноққа солишнинг олдини олиш борасида Омбудсманнинг ўрни ва роли сезиларли даражада ошди.

Омбудсман ўз фаолиятини амалга оширишда энг аввало, фуқароларнинг ҳуқуқ, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилаётганлиги ҳақидаги мурожаатларини таҳлил қилиш, инсон ҳуқуқларининг бузилиши тўғрисидаги ахборотларни ўрганиш, қонун лойиҳаларининг ҳуқуқий экспертизаси бўйича Омбудсман хулосаларини тақдим этиш, ишлаб чиқилган ва муҳокамага қўйилган қонун лойиҳалари юзасидан таклифлар ишлаб чиқиш, қонун ҳужжатларидаги номувофиқликларни бартараф этиш, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро ҳужжатларни ўрганишга алоҳида эътибор қаратди.

Мажлисда қайд этилганидек, ҳисобот йилида Омбудсман номига жами 17761 та мурожаат (2021 йилда 18738 та) келиб тушган. Уларнинг 14526 таси Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл фуқаролари, хорижий давлатлар омбудсманларидан, шунингдек, 3235 таси ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахслар ва уларнинг қонуний вакиллари томонидан юборилган.

2022 йилда Омбудсман томонидан фуқаролар мурожаатларини ўрганиш давомида бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан ташкилот ва мансабдор шахсларга 134 та таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилган. Хусусан, давлат органларига, ташкилотларига ҳамда судларга фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан 20 та тақдимнома, 36 та хулоса, 78 та даъво аризалари киритилган. Мазкур кўрсаткич ўтган йилга нисбатан 42,5 фоизга ошган.

Депутатлар Омбудсманнинг 2022 йилдаги фаолияти якунлари бўйича тақдим этилган ҳисоботни тинглар экан, қийноққа солиш, шафқатсиз, ғайриинсоний ва қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турлари қўлланилишининг олдини олиш мақсадида ўтказилган мониторинглар сони ва сифати ўсиб бораётганини алоҳида эътироф этишди.

Масалан, 2022 йилда ўтказилган мониторинг ташрифлари сони 381 маротабани (2021 йилда 177 та мониторинг ташрифлари) ташкил этиб, бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 2,2 баробарга ошган. Натижада жазони ижро этиш муассасаларида инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини таъминлашга эришилган.

Шунингдек, ўтган йил давомида Омбудсман номига ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларда сақланаётган шахслар, уларнинг яқин қариндошлари ва ҳимоячилари томонидан жами 3235 та мурожаат келиб тушган. Уларнинг 52,5 фоизи бевосита маҳкум ва маҳбуслар томонидан юборилган.

Омбудсман сўровига асосан прокуратура идоралари томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги 43 та (2021 йилда 32 та) қарорнинг барвақт қабул қилингани аниқланган. Ушбу қарорлар бекор қилиниб, қўшимча суриштирув ва терговга қадар текширув ўтказиш белгиланган.

Мамлакатимизда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Мажлисда Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (Болалар омбудсмани)нинг 2022 йилдаги фаолиятига ҳам тўхталиб ўтилди ва ҳисобот даврида амалга оширилган ишлар юзасидан депутатларга батафсил ахборот берилди.

Таъкидланганидек, 2022 йилда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига бола ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилиши тўғрисида Ўзбекистон Республикаси жисмоний ва юридик шахслари, болалар ҳамда уларнинг қонуний вакиллари томонидан 696 та мурожаатлар келиб тушган. Шундан шахсий қабулда 275 та, почта ва Омбудсманнинг виртуал қабулхонаси орқали 386 та, “Ишонч телефони” орқали 35 та мурожаатлар қабул қилинган.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан чет элда ота-она қарамоғисиз қолиб кетган болаларни юртимизга қайтаришда Ички ишлар вазирлиги билан ҳамкорликда 2022 йил давомида Россия Федерациясидан 37 нафар, Қозоғистон Республикасидан 4 нафар, Туркия давлатидан 2 нафар вояга етмаганлар жами 43 нафар бола Ўзбекистонга қайтарилган.

2022 йилда етим ва ота-она қарамоғисиз қолган болалар 11549 нафарни ташкил қилган. Уларнинг 11162 нафари оилаларга ва болалар муассасаларига жойлаштирилган (9010 нафарига васийлик-ҳомийлик белгиланган, 2024 нафари оилаларга тарбияга берилган, 128 нафари болалар тарбия муассасаларига жойлаштирилган). Қолган 387 нафарини оилаларга жойлаштириш чоралари кўрилмоқда. 652 нафар болаларнинг ота-оналари ота-оналик ҳуқуқини суистеъмол қилганликлари, болаларни тарбиялаш, уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишдан бош тортганликлари учун ота-оналик ҳуқуқларидан маҳрум этилган.

Шунингдек, мажлисда Омбудсманнинг ҳуқуқий таҳлил, халқаро ҳамкорлик, ҳуқуқий тарғибот ва жамоатчилик билан алоқалар йўналишидаги фаолиятлари юзасидан ҳам маълумотлар берилди.

Мажлис якунида депутатлар томонидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди ҳамда кўриб чиқилган мазкур масала юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

parliament.gov.uz