Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ҳомиладор, кичик ёшдаги ва ногиронлиги бўлган фарзанди бор доялар тунги сменага нега мажбуран ўтказилди?
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсаман)нинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили Гулнора Абдувохидовага Улуғнор тумани Тиббиёт бирлашмасининг Туғруқ бўлимида кундузги доя вазифасида ишловчи 3 нафар фуқаро меҳнат ҳуқуқларининг бузилаётгани бўйича мурожаат қилишди.

Мурожаатчиларнинг сўзларига кўра, Туғруқ бўлимининг катта дояси ҳеч бир асоссиз, сменалар қисқартирилгани, ходимлар 100 фоиз кундузги ва тунги сменага ўтказилишини маълум қилган. Мурожаатчиларнинг бири ҳомиладор, иккинчисининг кичик ёшдаги, бошқасининг эса қарамоғида ногиронлиги бўлган фарзанди борлигига қарамасдан, улар тунги сменага қўйилган. Кечки пайтда ишлаш уларнинг оилавий шароитларига тўғри келмаслигини ва вазиятларини эътиборга олиб, уларни кундузги сменага ўтказиш бўйича қилган мурожаатлари эътиборсиз қолдирилган.

Фуқаролар мурожаатларида кундузги ва тунги сменаларга тақсимот таниш-билишчилик асосида қилингани ҳамда мурожаатчилар ишдан бўшашга мажбур бўлаётганликларини қайд этишган.

Мазкур мурожаатни холисона ўрганиш мақсадида Омбудсманнинг Андижондаги минтақавий вакили ташаббуси билан, Вилоятнинг Соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари Г.Қаюмова, ССБ юристконсульти М.Рамазонов, Бандлик бош бошқармаси Давлат меҳнат инспекцияси ҳуқуқ инспектори М.Тўҳтабоевлардан иборат ишчи гуруҳ ташкил этилиб, ҳолат жойига чиқиб ўрганилди.

Ўрганиш давомида, Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 228-моддасига зид равишда иш ташкил қилганлиги аниқланди. Унга кўра ҳомиладор аёлларни ва ўн тўрт ёшга тўлмаган боласи (ўн олти ёшга тўлмаган ногиронлиги бўлган боласи) бор аёлларни уларнинг розилигисиз тунги ишларга, иш вақтидан ташқари ишларга, дам олиш кунларидаги ишларга жалб қилишга ва хизмат сафарига юборишга йўл қўйилмайди.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Туғруқ комплекси мудири ва катта дояга Ўзбекистон Республикаси Меҳнат Кодексининг 181-модда, 1-бандига асосан “ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилди.

Шунингдек, Туғруқ бўлими ходимларининг розиликлари асосида 1-навбатчилик соат 08:00дан 14:00гача, 2-навбатчилик 14:00дан 20:00гача, 3-навбатчилик 20:00дан, эрталабки 08:00гача этиб белгиланганди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати