Ўзбекистоннинг Франциядаги элчихонаси кўмагида ташкил этилган учрашувда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва Франция ҳуқуқ ҳимоячиси ўртасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари атрофлича муҳокама қилинди.
Учрашувда дастлаб, Ўзбекистоннинг Франциядаги элчиси Сардор Рустамбоев сўз олиб, инсон ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларга тўхталди. Хусусан, Давлат раҳбарининг 2022 йил 21-22 ноябрь кунлари Францияга қилган расмий ташрифидан сўнг, Ўзбекистон ва Франция давлатлари ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий, илмий-гуманитар соҳаларда кенг ҳамкорлик алоқалари янги босқичга кўтарилганини қайд этди.
Шунингдек, Элчи жаноблари ҳар бир мамлакатда адолат ва қонун устуворлигини таъминлашда Омбудсман институтларининг роли муҳим эканлигига эътибор қаратди.
Ўзаро мулоқот давомида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятининг асосий йўналишлари, сўнгги йилларда Омбудсман институти фаолиятини такомиллаштиришга қаратилган ислоҳотлар, янгиликлар ва уларнинг самараси, хусусан, 2022 йилдан иш бошлаган Омбудсманнинг ҳудудлардаги минтақавий вакиллари фаолияти ҳамда қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларни бартараф этишда Омбудсманнинг ўрни ва бошқа масалалар бўйича сўз борди.
Шунингдек, мамлакатимизда олиб борилаётган Конституциявий ислоҳотлар натижасида Омбудсманга қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи берилаётганлиги ҳақида ҳам алоҳида тўхталинди.
Франция ҳуқуқ ҳимоячиси ўринбосари, медиация бўйича бош делегат Д.Агасински мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотларни юқори баҳолади ва учрашув жараёнида Францияда Медиация институти фаолияти юзасидан маълумотлар берди ҳамда бу борада Ўзбекистон Омбудсмани билан фаол ҳамкорликка тайёр эканлигини билдирди.
Мазкур учрашув конструктив ва дўстона руҳда бўлиб ўтди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати