Мониторинг ташрифи давомида, жазо муддатини ўтаётган шахсларга яратилган шарт-шароитлари (туркум ётоқхоналари, маиший хоналар, ошхоналар, ҳаммомлар, камералар аҳволи, кутубхоналар, даволаш-профилактик ёрдам кўрсатиш бўлимлари, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, ишлаб чиқариш ҳудудлари ва иш жойлари) ўрганилиб, маҳкумлар билан жамоавий ҳамда якка тартибда суҳбатлар ўтказилди.
Шунингдек муассасаларда ўрнатилган Омбудсман қутилари кўздан кечирилди ва мурожаатлар ижро учун қабул қилинди.
Ишлаб чиқариш корхонасидаги мавжуд цехларнинг иш фаолияти, маҳкумлар учун яратиб берилган шароитлар ўрганилганда, фойдали меҳнатга жалб этилган маҳкумлар махсус кийим бош ва ҳимоя воситалар билан таъминланганлиги аниқланди. Улар билан суҳбат ўтказилганда, ойлик иш ҳақларини ўз вақтида олаётганлиги, айрим маҳкумлар ортиб қолган қисмини оила аъзоларига жўнатаётганликларини қайд этишди.
Даволаш-профилактик ёрдам кўрсатиш бўлимларида, етарли миқдорда дори-дармон ва тиббий воситалар мавжуд бўлиб, даволанаётган шахслар учун керакли шароитлар яратилганлиги аниқланди.
Шундан сўнг, минтақавий вакил томонидан махсус контингент учун сайёр қабул ташкил этилиб, маҳкумларнинг мурожаатлари тингланди ва шулардан 5 таси ижрога қаратилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати