Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ҳар бир бола давлат ҳимоясида!
Ижтимоий тармоқларда 23 ёшли каттақўрғонлик аёлнинг ўз болаларини қийнаётгани акс этган видео тарқалди. Россияда бўлган эрига жаҳл қилиб, болаларига зулм қилган “она” жамоатчилик нафратига учради.

Эр-хотиннинг носоғлом муносабатлари оқибатида жабрланган болалар воқеаси Болалар ва Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсманлари томонидан дарҳол назоратга олинди. Шу куннинг ўзидаёқ ички ишлар ходимлари томонидан аёлнинг яшаш манзили аниқланиб, у ички ишлар идорасига болалар эса бувиси билан тиббий кўрикдан ўтказиш учун шифохонага олиб кетилган.

Шифокорларнинг маълум қилишича, болаларда ҳеч қандай тан жароҳати, кўкариш, тилиниш излари аниқланмаган. Улар ҳозирда шифокор назоратига олинган.

Самарқанд вилоят ИИБ маълумотига кўра, ҳозирда ҳолат юзасидан ИИБ томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда. Ҳолат тўлиқ ўрганилиб, фуқаронинг ҳаракатларига ҳуқуқий баҳо берилади.

Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг 10-11 моддаларига мувофиқ, давлат болани зўравонликнинг барча шаклларидан, шу жумладан жисмоний, руҳий ва жинсий зўравонликдан, қийноқларга солишдан ёки шафқатсиз, қўпол ёхуд инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа шаклдаги муомаладан ҳимоя қилинишини амалга оширади.

Шу ўринда “Бола меники хоҳлаганимни қиламан” деб ўйлайдиган “ота-она”лар диққатига! Ҳар бир бола давлат ҳимоясида! Агар уларни ўз ота-онаси ва яқинларидан ҳимоя қилишга зарурат туғилса, давлат уларни ўз ҳимоясига олади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, аввал ҳам болаларни зўравонлик ва куч билан “тарбиялайдиган” ота-оналардан фарзандини олиб қўйиш механизмини ишлаб чиқиш таклифини билдирган эди.

Энг муҳими болалар озор чекмаслиги керак. Чунки улар ҳимоямизга муҳтождир.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати