Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман бошчилигида Товоқсойдаги 7-сон жазони ижро этиш муассасасидаги шароитлар ўрганилди
2023 йилнинг 27 март куни Омбудсман ҳамда унинг ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича Жамоатчилик гуруҳлари аъзолари томонидан Тошкент вилоятидаги 7-сон жазони ижро этиш муассасасига мониторинг ташрифи амалга оширилди. Унда маҳаллий ва халқаро ОАВ ҳам бевосита иштирок этиб, муассасадаги шароитлар билан танишишди.

Ташрифи давомида, колониянинг ётоқ жойлари, ошхона, кутубхона, даволаш бўлими, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, ишлаб чиқариш ҳудудидаги шароитлар ўрганилди. Шунингдек, маҳкумлар билан жамоавий ва якка тартибдаги суҳбатлар ўтказилди.

Ушбу муассасага ўтказилган аввалги мониторинг ташрифларидан бирида ошхонадаги шароитларни яхшилаш бўйича Омбудсман томонидан тавсиялар билдирилган эди. Мониторинг давомида ошхона 2022 йилда тўлиқ таъмирланиб, фойдаланишга топширилгани маълум бўлди. Маҳкумларга 3 маҳал белгиланган меню асосида овқатлар берилади.

“Озодликда бўлган пайтларим жазони ижро этиш муассасаларидаги шароитлар яхши эмаслиги ҳақида турли хил гаплар эшитганман. Ҳозир ҳам кўпчилик шундай деб ўйлайди. Келганимга 11 ой бўлди. Бундай овқатлар берилишини тўғриси ўйламаган эдим. Дам олиш кунлари ош қилиб беришади. Балиқ, тушликда биринчи ва иккинчи овқатлар тортилади. Цехлардаги шароитлар ҳам яхши. Оила аъзоларим келишганда уларга ҳам айтаман, шароитлар яхши, бошқаларга ҳам етказинг”- деди маҳкумлардан бири.

Жамоатчилик гуруҳлари аъзоларининг эътиборини тортган жиҳатлардан яна бири электрон магазин хизматининг жорий этилгани бўлди. Колонияга ўрнатилган электрон монитор орқали маҳкумлар, олдиндан шартнома қилинган тадбиркорлик субъектлари, йирик супермаркетлар маҳсулотларидан буюртма қилишмоқда. Буюртма етказиб берилгандан сўнг тўлов амалга оширилади.

Қайд этиш лозимки, шу кунларда дунё ҳамжамиятининг диққат эътибори Ўзбекистонга қаратилган. Чунки мамлакатда муҳим жараён – Ўзбекистон Республикаси конституциявий қонуни лойиҳаси бўйича референдумни ўтказишга тайёргарлик кўрилмоқда. 2023 йил 30 апрель кунига тайинланган Референдумда озодликдан маҳрум этилган, бироқ оғир ва ўта оғир жиноят содир этмаган маҳкумларга ҳам овоз бериш имконияти яратилди. Мингдан ортиқ маҳкумлар сақланадиган мазкур муассасада 6 та овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган маҳкумлар мавжуд. Улар билан суҳбатлашилганда албатта референдумда иштирок этишлари, конституциявий ислоҳотлардан хабардорликлари, маданий хордиқ пайтида турли кўрсатувларни кўришлари ва муассаса томонидан ҳам тушунтиришлар берилишини айтишди.

Шунингдек, мониторинг давомида маҳкумларга яратилган меҳнат шароитлари ўрганилди. 7-сон жазони ижро этиш муассасаси раҳбари, полковник Шарофиддин Усмоновнинг сўзларига кўра, ҳозирда 9 та, тикувчилик, ёғоч уймакорлик, мебеллар тайёрлаш, металдан ясалган ва чинни буюмлар, шиша идишлари ишлаб чиқариш, тўқиш ва бошқа цехлар мавжуд. 2022 йилда янги касбга ўргатилган 282 нафар маҳкумга сертификатлар берилган. Цехлардан тушган фойда ҳисобига яна 2 та янги цех қурилган. Ҳозирда маҳкумларнинг 62 фоизи иш билан таъминланган. Янги цехлар ишга тушиши билан маҳкумлар бандлиги 75 фоизга оширилади. Ногиронлиги бор шахслар, бетоблар ва кекса маҳкумлар ишга жалб этилмайди.

Иш ҳаққи масаласида бир нечта маҳкумлар билан суҳбатлашилганда, цехларда ишбай асосида меҳнат тўланиши, тикувчилик цехида Ҳаттоки, кўп ишлагани учун 2,5-3 млн сўмгача иш хақи олаётганлар ҳам борлиги, аксарият маҳкумлар эса 1 млн сўм атрофида иш ҳақи олишлари айтилди.

Аввал чет тилларидан дарс берган маҳкум муассаса маъмуриятига инглиз тилини ўргатиш бўйича таклиф билан кирганда, унинг илтимоси эътиборга олиниб синфхона ташкил этилганини ва 2 йилдан ортиқ вақт давомида дарс ўтаётганини қайд этди. Ҳозирда 200 дан ортиқ маҳкумларга устозлик қилаётган ушбу маҳкум ўзи ҳам қилган ишидан пушаймон эканлиги, тўғри хулоса чиқаргани ҳам маълум қилди.

Маҳкумларга яратилган тиббий хизмат сифати ҳам ўрганилганда, дори-дармон, кўрсатилаётган тиббий хизмат борасида ҳеч қандай шикоятлар келиб тушмади. Лекин, муассасада 8 та шифокор штатидан 4 таси вакант экани маълум бўлди.

Маълумот учун, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олиш мақсадида 2021 йилда Омбудсман томонидан 177 та мониторинг ташрифлари ўтказилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 381 маротабани ташкил этган.

Мониторинг ташрифлари давомида 2022 йилда 6 мингдан ортиқ шахслар  билан  жамоавий учрашувлар, 1 657 нафар шахс билан  якка тартибда суҳбатлар ўтказилган.

2022 йилда Омбудсман номига жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар, уларнинг яқин қариндошлари ва ҳимоячилари (адвокатлари) томонидан турли масалаларда 3235 та (2021 йилда 4541 та) мурожаат келиб тушди. Уларнинг 1699 таси ёки 52,5 фоизи бевосита маҳкум ва маҳбуслар томонидан юборилган.

Ушбу шикоят ва аризалар кўриб чиқилиши натижасида 2022 йилда прокуратура идоралари томонидан жиноят ишини қўзғатишни рад қилиш ҳақидаги 43 та қарор бекор қилиниб, қўшимча суриштирув ва терговга қадар текширув ўтказиш белгиланди. 21 та мурожаат бўйича тегишли судлар томонидан 52 нафар маҳкумга тайинланган жазо енгилроғига алмаштирилди, 13 нафар айбланувчига нисбатан танланган эҳтиёт чораси енгилроғига ўзгартирилди. 17 нафар маҳкумнинг (маҳбуснинг) оила аъзоларига моддий ва ижтимоий кўмак берилди. 21 нафар маҳкум Жазони ижро этиш департаменти томонидан инсонпарварлик тамойили асосида, истисно тариқасида, яшаш жойига яқин бўлган ҳудуддаги колонияга ўтказилди.

Мониторинг ташрифи давомида аниқланган камчиликлар юзасидан уларни ўз вақтида бартараф этилишини таъминлаш мақсадида мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тавсиялари киритилади.

Эслатиб ўтамиз, Омбудсман томонидан қийноқларни олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари якуни юзасидан тайёрланган таҳлилий маълумотлар, жумладан мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар тегишли давлат органлари билан бир қаторда Олий Мажлис палаталарига ҳам тақдим этилиб келинмоқда.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати