Мониторинг ташрифи давомида Навоий вилоятидаги 4, 5, 11,12-сон жазони ижро этиш колонияси, 36-сон Манзил-колонияси, Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Навоий вилояти минтақавий филиали ҳамда Нурота туман ногиронли бўлган эркак шахслар учун мурувват уйидаги шароитлар ўрганилди.
Амалга оширилган мониторинг давомида жазони ижро этиш муассасаларининг ётоқ жойлари, ошхона, кутубхона, даволаш бўлими, узоқ ва қисқа муддатли учрашув хоналари, ишлаб чиқариш ҳудудидаги шароитлар ўрганилди.
Колониялардаги ишлаб чиқариш цехлари фаолияти ҳам ўрганилди. Махсус кийим-кечак тикиш, мебель, ёғоч ўймакорлиги цехларида иш қизғин, меҳнат шароитлари қониқарли экани аниқланди.
Шунингдек, маҳкумлар билан жамоавий ва якка тартибда суҳбатлар ўтказилди ҳамда маҳкумларнинг мурожаатлари қабул қилиниб, иш юритувига олинди.
Жазо муддатини ўтаётган ва ногиронлиги туфайли ўзи эркин ҳаракатлана олмайдиган маҳкумларга яратилган шарт-шароитларни ўрганиш мақсадида улар билан алоҳида суҳбатлар ўтказилди.
Шунингдек, маҳкумларнинг Янгиланаётган Конституциядан ўрин олган нормалардан хабардор экани, дам олиш вақтларида кўрсатув ва дастурларни томоша қилишлари маълум бўлди.
Республика ихтисослаштирилган наркология илмий-амалий тиббиёт марказининг Навоий вилояти минтақавий филиалига ўтказилган мониторингда беморларни овқатланиш шароитлари ўрганилганда, ҳар бир беморга таомланиши учун кунига ажратилган сумманинг етарли эмаслиги аниқланди. Мазкур масала Республикадаги бошқа наркологик диспансерларда ҳам ўрганилади ва таҳлиллардан келиб чиқиб масъул вазирликка Омбудсман тавсиялари киритилади.
Шу билан бирга тиббий ёрдам кўрсатиш сифати, дори-дармонлар таъминоти, палаталардаги шароитлар ҳам кўздан кечирилди.
5 кун давомида амалга оширилган мониторингларда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган муассасаларда аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича тавсиялар билдирилди.
Омбудсман ҳамда унинг ҳузуридаги миллий превентив механизм доирасида фаолият юритувчи Жамоатчилик гуруҳлари томонидан республика бўйлаб ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган муассасаларга мониторинг ташрифлари давом эттирилади.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати