Мурожаатчи М.Д.нинг сўзларига кўра, 2022 йил 6 июнда Тошкент вилояти Нурафшон шаҳар Хотин-қизлар бўлимида хотин-қизлар фаоли лавозимига ишга қабул қилинган. Лекин иш берувчи билан меҳнат шартномаси тузилмаган. Ишга қабул қилинганлиги тўғрисидаги буйруқ нусхаси ҳам берилмаган.
Фуқаро М.Д. унга зарур шароитлар яратиб берилмаганига қарамасдан, вазифаларини бажариб келган. 3 ойдан сўнг эса сиртқи таълимда ўқиши ва орада бетоб бўлиб қолгани сабабли синов муддатидан ўта олмаганлик важи билан бўшатиб юборилган. Унинг боқувчиси йўқлиги ва вояга етмаган фарзандлари борлиги ҳам инобатга олинмаган.
Маълумот учун, Меҳнат Кодексининг 84-моддасига мувофиқ, дастлабки синовни ўташ ҳақида меҳнат шартномасида шартлашилган бўлиши лозим. Бундай шартлашув бўлмаган тақдирда ходим дастлабки синовсиз ишга қабул қилинган деб ҳисобланиши белгиланган.
Фуқаро М.Д. Нурафшон шаҳар ҳокимлигининг ишдан бўшатиш бўйича фармойиши ва буйруғини ғайриқонуний деб топиш ва маънавий зарар ундириш тўғрисидаги Фуқаролик ишлари бўйича Ўрта Чирчиқ туманлараро судига даъво ариза киритган. Лекин, суднинг 2022 йил 14 декабрдаги ҳал қилув қарори билан даъво ариза рад этилган.
Мурожаатчи Омбудсманнинг Тошкент вилоятидаги минтақавий вакили қабулига келганида, унга меҳнат қонунчилиги бўйича батафсил ҳуқуқий маслаҳат берилди ва аппеляция тартибида шикоят киритиши кераклиги, унда қандай жиҳатларга эътибор бериши кераклиги тушунтирилди. Шунингдек, Омбудсман минтақавий вакили суд жараёнларида кузатувчи сифатида тўлиқ иштирок этди ва судга қўшимча даъво киритилишида ҳуқуқий ёрдам берди.
Тошкент вилояти суди фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъатининг 2023 йил 29 мартдаги ажримига кўра, фуқаро М.Д.ни ишдан бўшатишга оид ҳужжатлар ғайриқонуний деб топилди ва у ишга тикланди.
Шунингдек, жавобгар Тошкент вилояти Нурафшон шаҳар ҳокимлигидан даъвогар М.Д фойдасига 6 ойлик мажбурий прогул учун 22 млн 635 минг сўмдан ортиқ иш ҳақи ва 3,5 млн сўм маънавий зарар ундирилиши белгиланди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати