Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Самарқанддаги тергов ҳибсхонасида маҳкум ва маҳбуслар мурожаатлари асосида тиббий кўрик ташкил этилди
2023 йилнинг 11 апрель куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили Диёр Ҳусанов томонидан Каттақўрғон шаҳрида жойлашган 7-сонли тергов ҳибсхонасига навбатдаги мониторинг ташрифини амалга оширди. Жамоатчилик ва ОАВ вакиллари иштирок этган ушбу мониторинг доирасида маҳкум ва маҳбуслар учун тиббий кўрик ҳам ташкил этилди.

Тиббий кўрикка Самарқанд вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармасининг 16 нафар шифокорлар гуруҳи ва 2 та автобусда ўрнатилган кўчма мобил офтальмолог, ультра товуш, ЭКГ ва лаборатория ускуналари жалб этилди.

Омбудсманнинг Самарқанддаги минтақавий вакилига ушбу тергов ҳибсхонасидан маҳкум ва маҳбуслар томонидан юборилган мурожаатларда уларнинг соғлиғидан шикоятлари борлиги ва дори-дармонларни вақтида ололмаётганликлари қайд этилган эди. Шу сабабли мазкур тиббий кўрик ташкил этилиб, унда 421 нафар маҳкум ва маҳбуслар шифокорлар кўригидан ўтказилди.

Шунингдек, 7-сонли тергов ҳибсхонаси раҳбари ва тиббий бўлим бошлиғи билан суҳбат ўтказилиб, 141 турдаги дори-дармонлар мавжудлиги аниқланди. Ҳибсхонада сақланаётганларнинг соғлиғи ёмонлашганда керакли дори воситаларининг берилишининг  назоратга олиниши тавсия қилинди.

Мониторинг давомида Вояга етмаганлар, аёллар ва эркаклар камераси кўздан кечирилди. Баъзи камераларда ёритгичлар куйгани оқибатида ёруғлик етишмаслиги аниқланди ва шу кунни ўзида ёритгичлар алмаштирилди.

Бундан ташқари, 78 нафар айбланувчи ва маҳкумлар билан жамоавий, 11 нафари билан якка тартибдаги суҳбатлар ўтказилди.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати