Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Тошкент вилоятидаги 1-сон Тергов ҳибсхонасига мониторинг ташрифи амалга оширилди
Жорий йилнинг 6 май куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари вакиллари томонидан Тошкент вилояти, Зангиота туманидаги 1-сон Тергов ҳибсхонасига мониторинг ташрифи амалга оширилди.

Мониторинг ташрифи давомида ҳибсхонада сақланаётган шахсларнинг Жиноят-ижроия кодекси ва “Жиноят ишини юритиш чоғида қамоқда сақлаш тўғрисида”ги Қонунда белгиланган ҳуқуқ ва манфаатлари таъминланаётганлиги ҳолати ўрганилди.

Ўрганиш давомида ҳибсхонада бир қатор камчиликлар мавжудлиги, жумладан, айрим камераларда санитария-гигиена ҳолати талаб даражасида эмаслиги, сақланаётган шахсларга сайр учун етарли вақт берилмаётгани ҳамда тиббий хизмат кўрсатиш бўйича айрим эътирозлар билдирилди.

Мониторингда ушбу салбий ҳолатларни тезкорлик билан бартараф этиш юзасидан Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаментига Омбудсман талабномаси киритилди.

Маълумки, 2022 йил 1-2 июль кунлари Нукус шаҳридаги оммавий тартибсизликларни содир этганликда айбланган 22 нафар шахсга нисбатан Олий суднинг Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида жиноят иши апелляция тартибида кўриб чиқилмоқда. Шу боис, 22 нафар айбланувчидан қамоқ эҳтиёт чораси танланганлари ушбу ҳибсхонада сақланмоқда.

Мониторинг ташрифи давомида ушбу айбланувчилар сақланаётган камераларга, хусусан Даулетмурат Тажимуратов сақланаётган камерага ҳам ташриф буюрилди. Улар билан жамоавий ва якка тартибда ҳоли тарзда суҳбатлар ўтказилди. Унда ҳибсхонадаги сақлаш шароитлари ва озиқ-овқат таъминотидан эътирозлари йўқлигини маълум қилишди. Д.Тажимуратов ҳам адвокати ва ҳимоячиси билан учрашувларга рухсат берилаётганлигини, бироқ ҳибсхона ходимлари унга ҳуқуқ ва мажбуриятларини етарли даражада тушунтиришмаганликлари, шу боис ҳибсхона ходимларига нисбатан айрим эътирозларини билдириб ўтди.

Олинган маълумотларга кўра ва кўздан кечирилган ҳужжатларга асосан Д.Тажимуратов 1-сон Тергов ҳибсхонасига олиб келинганидан сўнг ташриф кунига қадар ҳимоячиси, яъни укаси Ренат Тажимуратов билан 7 маротаба ва адвокати Сергей Майоров билан 2 маротаба ҳоли тарзда учрашган.

Шунингдек, ташриф давомида Жиноят кодексининг 164-моддасида (Босқинчилик) назарда тутилган жиноятини содир этганликда гумон қилиниб, қамоққа олинган Дилшоджон Тўрахўжаев ва 251 прим 1-моддасида (Кучли таъсир қилувчи ёки заҳарли моддаларни қонунга хилоф равишда муомалага киритиш) назарда тутилган жиноятни содир қилганликда гумонланиб, қамоққа олинган Ҳасанбой Абдунабиевлар билан ҳам якка тартибда ҳоли суҳбатлар ўтказилди.

Ўтказилган суҳбатлар давомида ҳар икки шахс ижтимоий тармоқларда ўзлари ҳақида тарқатилган хабарларни тасдиқлади. Хусусан, Д.Тўрахўжаевнинг сўзларига кўра, унга нисбатан Наманган вилояти Поп тумани Ички ишлар бўлимида ва кейинчалик Тошкент шаҳар Ички ишлар бош бошқармасида руҳий ва жисмоний босим ўтказилган. Қийноқлар натижасида айбига иқрор бўлган ва олган тан жароҳатларини ички ишлар органлари ходимлари томонидан етказилганлиги бўйича кўрсатма бермаган. Унинг қийноққа солингани ҳақида кейинчалик адвокати хабар қилган. Шунингдек, у ички ишлар органлари ходимлари томонидан жисмоний қийноққа солинганлигини тасдиқловчи асосли далиллари мавжудлигини маълум қилди.

Шу боис, Омбудсманнинг мониторинг ташрифи якунларига кўра, Д.Тўрахўжаевнинг қийноққа солинганлиги ҳолати юзасидан олиб борилаётган терговга қадар текширув ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва қонуний ўтказилишининг таъминланиши юзасидан Бош прокуратурага назорат хати киритилди.

Бунга қадар ҳам Ҳ.Абдунабиевнинг адвокати томонидан Омбудсманга юборилган мурожаат, Омбудсман томонидан назоратга олиниб, Жиноят-процессуал кодекси талаблари асосида кўриб чиқилиши юзасидан Бош прокуратурага Омбудсманнинг назорат хати киритилган эди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати