Ташрифи давомида, ҳибсхонанинг ётоқ жойлари, ошхона, кутубхона, даволаш бўлими, қисқа муддатли учрашув хоналаридаги шароитлар ўрганилди. Шунингдек, маҳбус ва маҳкумлар билан жамоавий ва якка тартибдаги суҳбатлар ўтказилди.
Маълумот учун, қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларининг олдини олиш мақсадида 2021 йилда Омбудсман томонидан 177 та мониторинг ташрифлари ўтказилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 381 маротабани ташкил этган. 2023 йилнинг 1 чорак ҳолатига эса ушбу кўрсаткич 164 тани ташкил этади. (2022 йил 1-чорагида 37 ва 2021 йил 1-чорагида 22)
Мониторинг ташрифи давомида аниқланган камчиликлар юзасидан уларни ўз вақтида бартараф этилишини таъминлаш мақсадида мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг тавсиялари киритилади.
Шу куннинг ўзида Андижон вилоятидаги Қўрғонтепа туман ички ишлар бўлимининг вақтинча сақлаш ҳибсхонаси ҳам кўздан кечирилди. Аввалги мониторингларда ушбу ҳибсхонани қайта таъмирлаш тавсия қилинган эди. Бу галги ташрифда ҳибсхона капитал таъмирдан чиққани ва билдирилган тавсиялар бартараф этилганига гувоҳ бўлинди.
Мониторинг ташрифи маъмурий қамоққа олинган шахсларни қабул қилиш ва сақлаш махсус қабулхонасидаги шароитлар ҳам ўрганилиб, тегишли тавсиялар берилди.
Эслатиб ўтамиз, Омбудсман томонидан қийноқларни олдини олиш бўйича мониторинг ташрифлари якуни юзасидан тайёрланган таҳлилий маълумотлар, жумладан мониторинг жараёнида аниқланган камчиликлар тегишли давлат органлари билан бир қаторда Олий Мажлис палаталарига ҳам тақдим этиб келинмоқда.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати