Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Ўзбекистон ва Венгрия Омбудсманларининг инсон ҳуқуқларини таъминлашдаги  ҳамкорлиги мустаҳкамланмоқда
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Феруза Эшматова шу кунларда Венгрия Республикасида хизмат сафарида бўлиб турибди.  Венгрия Республикаси Асосий ҳуқуқлар коммисари Акос Козма томонидан ташкил этилаётган Омбудсман ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар раҳбарларининг биринчи расмий конференцияси доирасида 16-19 май кунлари қатор учрашувлар ташкил этилиши режалаштирилган.

Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон Республикаларининг Омбудсманлар институтлари вакилларидан иборат делегация аъзолари 2023 йилнинг 16 май куни Венгрия Республикаси Конституциявий суди раиси билан учрашишди. 15 нафар судиядан иборат Венгрия Конституциявий суди  1990 йилда ташкил этилган. Учрашувда суд раиси меҳмонларни ўз фаолияти билан таништирар экан Омбудсман институтининг қатор ваколатларига ҳам тўхталди. Унинг сўзларига кўра, Венгрия Омбудсмани қонунчиликнинг қўпол равишда бузилиши ҳолатини аниқлаган тақдирда Конституциявий судга инсон ҳуқуқлари манфаатида  мурожаат қилиш ҳуқуқига эга. Мазкур ваколат Ўзбекистондаги Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсманда ҳам мавжуд. Шу куни Омбудсманлар Венгрия Республикасининг миллий қамоқхоналар хизмати раҳбари билан ҳам учрашишди. Маълум бўлишича, Венгрияда жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари каби ёпиқ муассасалар Ички ишлар вазирлигидан мустақил равишда ташкил этилган. 

Учрашувда маҳкум ва маҳбусларга яратилган шароитлар, уларни касбга ўргатиш, фойдали ишга жалб қилиш ва амалиётга жорий этилган инновацион технологиялар ҳақида маълумот берилди. Учрашувда ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга Миллий превентив механизм доирасида Омбудсман бошчилигида амалга ошириладиган мониторинг ташрифлари борасида Ўзбекистон, Озарбайжон, Туркия ва Қозоғистон давлатлари тажрибалари ва эришилган натижаларга тўхталинди. 

Венгрия Омбудсманининг марказий офисида 150 нафардан ортиқ ходимлар фаолият юритади. 2022 йилнинг март ойларидан унинг 6 та ҳудудда минтақавий идоралари иш бошлаган. Ташрифнинг иккинчи куни доирасида меҳмонлар  10 нафар ҳодимдан иборат бўлган Венгрия Омбудсманининг Дебрецендаги ҳудудий офисида бўлишди. Ушбу офисда ногиронлиги бўлган шахслар мурожаатлари билан ишловчи алоҳида бўлим ташкил этилгани делегация аъзолари эътиборини тортди.

Шунингдек, ташкил этилган учрашувларда қочоқлар ва аҳолининг ижтимоий заиф гуруҳларининг ҳуқуқларини таъминлашда Омбудсман институтларнинг роли ҳамда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар билан ҳамкорлиги борасида ўзаро тажриба алмашилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати